Қирғизистон Бобомурод Абдуллаевни Ўзбекистонга топширди

Жамият

image

Қирғизистон махсус хизмати ўзбекистонлик журналист Бобомурод Абдуллаевни Ўзбекистонга топширди. У расмий Тошкент талаби билан ҳибсга олинганди. Бу ҳақда Қирғизистон миллий хавфсизлиги давлат қўмитаси (МХДҚ) матбуот-хизмати хабар берди.

“Ўзбекистон манфаатларига қарши оғир жиноятлар содир этганликда айбланаётган ва қидирувда бўлган шахсни қўлга олиш ва топшириш ҳақидаги ваколатли идора сўровига кўра, фуқаро Бобомурод Абдуллаев аниқланди ва қўлга олинди”, дейилади хабарда.

“Интерфакс” агентлиги хабарига кўра, Бишкекнинг Первомай туман суди 10 август кунидаги қарори билан Бобомурод Абдуллаевни 30 кун МХДҚ тергов изоляторида сақлаш белгиланган.

“Хорижий давлат фуқароларини жиноий жавобгарликка тортиш мақсадида топшириш тўғрисидаги қонуний кучга кирган қарорга асосан, топшириш қоидаларини тартибга солувчи Қирғизистон қонунчилиги ва давлатлараро келишув меъёрларига амал қилинган ҳолда, 22 август куни фуқаро Абдуллаев Ўзбекистонга берилди”, дейилади МХДҚ хабарида.

Маълумот учун, журналист Бобомурод Абдуллаев 2017 йил сентябрда Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159-моддаси 4-банди, яъни Ўзбекистон Республикаси конституцион тизимига қарши тажоввузда айбланиб ҳибсга олинганди.

Узоқ давом этган тергов ва суд ишидан сўнг, 2018 йил май ойида айбланувчи Бобомурод Абдуллаев Жиноят кодексининг 159-моддаси 4 банди билан айбдор, деб топилган ва унга 3 йил ахлоқ тузатиш ишларида бўлиши тайинланган.

Шунингдек, Абдуллаевнинг иш ҳақидан 20 фоизи давлат даромадига ушлаб қолиниши белгилаб қўйилган. 

Абдуллаев 221 кун ҳибсда сақаланганини ҳисобга олган ҳолда, ушбу муддат жазо муддатидан чиқариб ташланди. Шундан кейин Бобомурод Абдуллаевни назорат қилиш унинг ўзи яшаб турган Тошкент шаҳридаги Яккасарой ИИБга топширилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон-Қирғизистон Бобомурод Абдуллаев

Баҳолаганлар

673

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг