Шавкат Мирзиёев журналист Бобомурод Абдуллаевга уй совға қилди
Жамият
−
18 Октябрь 2020
33062Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев журналист Бобомурод Абдуллаевга пойтахт марказидан уч хоналик янги квартира совға қилди. Бу ҳақда журналистнинг ўзи ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида хабар берди.
Бобомурод Абдуллаевга кўра, Президент Мирзиёев жорий йилнинг 8 сентябрь куни "Green Park" турар жой мажмуасидан уч хонали квартира совға қилган. Мазкур уй барча жиҳозлари билан таъмирланган ҳолатда журналистга топширилган. У ушбу уйга жорий йилнинг 5 октябрь куни кўчиб ўтган.
У уйини видеога олиб, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига кўрсатар экан, уйда барча маиший техника жиҳозлари, ётоқ, меҳмонхона мебеллари, гилам ва пардалар ҳам борлигини урғулайди.
Журналист янги уйга онаси меҳмон бўлиб келганини, Қирғизистонда ҳибсга олинганида онаси Президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилгани, ўғли учун уй сўрамагани, аммо унинг тор уйда қийналиб яшаётганини Президентга етказганини эслайди.
“Президентимиз менинг боламга шундай уйларни ҳадя қилди. 8 сентябрь куни болам менга телефон орқали Президентимиз уй берганини айтганда, хурсандлигимдан тилим айланмай қолди. Президентимга, юртбошимга мингдан минг раҳмат дейман”, дейди журналистнинг онаси.
Видеода Бобобурод Абдуллаевнинг синглиси ва қизи ҳам кўриниш бериб, уй учун Президент Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирганлар.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси жорий йилнинг 12 август куни Ўзбекистон сўровига асосан, 22.01.1993 йилдаги “Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисида”ги Минск Конвенциясига мувофиқ, Бобомурод Абдуллаев Қирғизистон Республикаси ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қўлга олинганини хабар қилган эди. Шундан кейин у Тошкентга юборилди.
Бу орада Бобомурод Абдуллаевнинг онаси Президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилиб, ўғлининг айбсизлигини айтади ва уни қўйиб юборишларини сўрайди. 22 август куни Тошкентга олиб келинган Абдуллаев хулқ-атвор қоидаларига риоя қилиши тўғрисидаги тилхат асосида озод қилинди.
Маълумот учун, журналист Бобомурод Абдуллаев 2017 йил сентябрда Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159-моддаси 4-банди, яъни Ўзбекистон Республикаси конституцион тизимига қарши тажоввузда айбланиб ҳибсга олинганди.
Узоқ давом этган тергов ва суд ишидан сўнг, айбланувчи Бобомурод Абдуллаев Жиноят кодексининг 159-моддаси 4 банди билан айбдор, деб топилган ва унга 3 йил ахлоқ тузатиш ишларида бўлиш тайинланган.
Шунингдек, Абдуллаевнинг иш ҳақидан 20 фоизи давлат даромадига ушлаб қолиниши белгилаб қўйилган.
Абдуллаев 221 кун ҳибсда сақаланганини ҳисобган олган ҳолда, ушбу муддат жазо муддатидан чиқариб ташланди.
Шундан кейин Бобомурод Абдуллаевни назорат қилиш унинг ўзи яшаб турган Тошкент шаҳридаги Яккасарой ИИБга топширилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь