Расман: Бишкек қисман тинчиди

Олам

image

Жорий йилнинг 5 октябридан буён сиёсий инқироз сабаб тартибсизликлар давом этаётган Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида бир ҳатфа деганда вазият барқарорлашди. Бу ҳақда бугун, 11 октябрь куни Бишкек комендатурасида хабар берди. 

"Ҳозирда шаҳарда вазият барқарор, уни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ва Қуролли Кучлар ҳарбий хизматчилари назорат қилмоқда", дейди комендатура вакили. Унинг сўзларига кўра, жамоат тартибини сақлашга бир неча минг халқ назорати вакиллари ҳам ёрдам беришмоқда. "Комендантлик соатининг биринчи кунида пойтахтда бирон бир жиддий қонунбузарликлар қайд этилмаган", дейди манба. 

Мамлакатнинг амалдаги Президенти Сооронбай Жээнбековнинг фармони билан 9 октябрдан бошлаб Бишкекда фавқулодда ҳолат эълон қилинди. У 21 октябрга қадар давом этади. 

Президент имзолаган ҳужжатга кўра, шаҳарга қўшинлар ва ҳарбий техника олиб кирилди, тўсиқлар ўрнатилди, фуқароларнинг кириши ва чиқиши чекланди, соат 18:00 дан кейин спиртли ичимликларни сотиш, шунингдек ҳар қандай оммавий тадбирлар, шу жумладан митинглар ўтказиш тақиқланди. Шунингдек, оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига ҳам чекловлар ўрнатилди. Комендатура сиёсий партиялар фаолиятини тўхтатиш ҳуқуқини олди. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 октябрь куни Қирғизистонда навбатдаги парламент сайловлари бўлиб ўтди. Сайловнинг дастлабки натижасидан норози партиялар тарафдорлари Бишкекда норозилик намойишини бошлади. Кейинроқ намойиш тартибсизликка айланиб кетди. 

Намойишчилар аввало мамлакат парламенти биноси – Оқ уйни эгаллади. Бу бинода Президент Администрацияси ҳам жойлашган. 6 октябрь эрталаб Ҳукумат биноси ҳам намойишчилар қўлига ўтгани маълум бўлди.

Бундан ташқари, акция иштирокчилари Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биносига бостириб кириб, у ерда сақланаётган собиқ Президент Алмазбек Атамбоевни озод қилди. Шунингдек, сиёсий маҳбуслардан собиқ Бош вазир Сапар Исаков ҳам қамоқдан чиқарилди. Озод қилинганлар орасида Бишкек шаҳрининг собиқ мэри Албек Ибраимов ҳам бор.

Президент Сооронбай Жээнбеков юз бераётган тартибсизликлар бўйича баёнот бериб, баъзи сиёсий кучлар давлат ҳокимиятини ноқонуний равишда эгаллаб олишга уринганини айтиб ўтди.

Намойишлар авж олган паллада Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини тан олмаслик ҳақида қарор қабул қилди.

Ҳозиргача Жўқорғу Кенеш спикери Дастан Жумабеков ва мамлакат Бош вазири Кубатбек Боронов истеъфога чиқди. 

Ўзбекистон қўшни Қирғизистонда юз бераётган воқеаларга муносабат билдириб, жиддий ташвишда эканини билдирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Бишкек Қирғизистондаги вазият

Баҳолаганлар

178

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг