Рамзан Қодиров 17 ёшли ўғлига солиқ йиғиш назоратини топширди
Олам
−
19 Сентябрь 3239
Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ўзининг 17 ёшли ўғли Адам Қодировга муниципал ташкилотларнинг мол-мулк солиғи тўланишини назорат қилишни топширди. Бу ҳақда Рамзан Қодиров ўзининг Telegram саҳифасида маълум қилди.
Адам Қодиров назоратни қай тарзда амалга ошириши ва нима учун унга бундай масъулият юклангани айтилмаган.
Маълумот учун, жорий йилнинг февраль ойи охирида ҳали вояга етмаган Адам Қодировга Араб арбитраж суди аъзоси гувоҳномаси умрбод муддатга берилган. Ушбу суд Араб давлатлари лигаси ҳузуридаги орган бўлиб, тижорий ва иқтисодий низоларни, шу жумладан, давлатлараро низоларни ҳал этиш билан шуғулланади. Шунингдек, Адам Қодировга “Ливия фахрий меҳмони” медали топширилган. Бу мукофот Чеченистон делегациясининг Мисрга ташрифи чоғида берилган.
2024 йилнинг октябрь ойида Адам Қодиров Россия рекордлар китобига киритилиб, Россия ҳудуди раҳбарининг энг ёш хавфсизлик хизмати бошлиғи сифатида қайд этилган. Ўшанда у 16 ёшда эди. У отасининг хавфсизлигини таъминлаш бўлими раҳбари лавозимига 2023 йилнинг охирида, 15 ёшида тайинланган. 2023 йилнинг апрелида эса Владимир Путин номидаги Россия махсус кучлар университетининг куратори бўлган.
2023 йилда Адам Қодиров Чеченистонда ташкил этилган ва Байсангур Биноевский номи билан аталувчи Россия Мудофаа вазирлигининг махсус батальони куратори лавозимига тайинланган.
2025 йилда эса 17 ёшли ўғли Адам Қодиров Ички ишлар вазирлигининг минтақавий бошқармаси куратори этиб тайинланган. Август ойининг охирида у “Чеченистон Республикасининг ҳимоячиси” медали билан тақдирланди.
Кичик Қодиров тергов изоляторида Қуръонни ёқишда айбланаётган Никита Журавелни калтаклаганидан сўнг юқори лавозим ва мукофотлар ола бошлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров 17 ёшли ўғли, Чеченистон Хавфсизлик кенгаши котиби Адам Қодиров берилаётган мукофотларга муносиб эканини айтганди. Қодиров ўғли аллақачон бой тажриба ва билимга эга эканини, бироқ ўғил сифатида унга қўйиладиган талаблар бир неча баравар юқори эканини таъкидлаганди.
Live
Барчаси