Рамос қайси жамоага ўтмоқчилиги маълум бўлди
Спорт
−
02 Декабрь 11900 2 дақиқа
“Реал Мадрид” жамоасининг собиқ ҳимоячиси Серхио Рамоснинг Мексиканинг “Монтеррей” клуби билан шартномаси якунига етиш арафасида. Шу сабабли тажрибали ҳимоячи қишки трансфер ойнасида “Милан”га ўтишни мақсад қилган. Бу ҳақда “Calciomercato” нашри хабар берди.
Манбага кўра, Мексиканинг “Монтеррей” клубидан кетишга тайёрланаётган Рамос Европага қайтишни режалаштирмоқда ва фаол равишда янги жамоа қидирмоқда. Унинг номзоди аллақачон миланликлар раҳбариятига таклиф этилган. Агар “Милан” истаса, у билан текинга шартнома имзолаши мумкин.
Рамоснинг асосий мақсади 2026 йилги Жаҳон чемпионатида Испания терма жамоаси сафида иштирок этиш. Шу сабабли у юқори даражадаги мусобақаларда мунтазам ўйнаб, ўзининг яхши спорт формасига эга бўлишни мақсад қилган.
Рамоснинг “Милан” вариантини маъқул кўраётганига яна бир сабабга клубда унинг “Реал”даги собиқ жамоадоши Лука Модрич ҳам тўп суриши ҳисобланади.
Маълумот учун, Серхио Рамос “Монтеррей”га 2025 йил қишида келиб қўшилган эди. У Мексика клуби сафида 30 та ўйин ўтказиб, 7 та гол урди. Шу давр мобайнида у клубида 9 та сариқ ва битта тўғридан тўғри қизил карточка олган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Серхио Рамос 2026 йилги Жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун “Монтеррей” клубидан кетиб, Европага қайтишга тайёргарлик кўраётгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси