Раисийнинг жасади Теҳронга етказилди (видео)

Олам

image

Эроннинг Шарқий Озарбайжон вилоятида вертолёт қулаши оқибатида ҳалок бўлган президент Иброҳим Раисий, ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён ва бошқа расмийларнинг жасадлари Табриз шаҳридан пойтахт Теҳронга етказилди. Бу ҳақда "Tasnim" хабар берди.

Пойтахтнинг “Меҳробод” аэропортида ҳалок бўлганларнинг жасадларини топшириш маросими ташкил этилди.

Жаноза маросимини ташкил қилувчи қўмита баёнотида айтилишича, Раисий ва унинг ҳамроҳлари учун жаноза намози эртага, 22 май куни Теҳронда ўқилади.

Намоздан сўнг дафн маросими Инқилаб майдонидан Озодий майдонигача давом этади ва фуқаролардан ушбу ҳудудга жамоат транспортида боришлари сўралади.

Теҳрондаги маросимда Эрон етакчиси Али Хоманаий жаноза намозини ўқиши кутилмоқда.

Аввалги баёнотларда Теҳрондаги маросимдан сўнг, жасадлар 23 май куни Машҳад шаҳрида дафн этилиши эълон қилинган эди.

Маълумот учун, 19 май куни Эроннинг Шарқий Озарбайжон вилоятида Эрон Президенти ўтирган вертолёт ҳалокатга учради. Унда мамлакат Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён, Шарқий Озарбайжон вилояти ҳокими Малик Раҳмати ва Табриз шаҳрининг имоми Муҳаммад Али Але Ҳошем ҳам бўлган. Эрон Қизил ярим ой жамияти раҳбари Пир Ҳусайн Коливанднинг айтишича,  ҳалокатда вертолётнинг барча йўловчилари ва экипаж аъзолари ҳалок бўлган. Эрон вице-президенти Моҳсин Мансурий президент ва унга ҳамроҳлик қилаётганларнинг ўлими ҳақидаги хабарларни тасдиқлади.

Эроннинг амалдаги вице-президенти Муҳаммад Мохбер вақтинчалик Эрон Президенти бўлиши маълум қилинганди. Эрон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Али Багери Кани эса собиқ ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён вафотидан кейин вақтинчалик ташқи ишлар вазири вазифани бажарувчи этиб тайинланди. Мамлакат парламенти Ички ишлар қўмитаси раиси Муҳаммад Солиҳ Жокар Эронда навбатдан ташқари президентлик сайловлари келаси 50 кун ичида бўлиб ўтиши кераклигини айтди. Республика сайлов штабининг матбуот котиби Муҳсин Исломий Эронда муддатидан олдин президентлик сайловлари 28 июнь куни бўлиб ўтишини маълум қилди. Эрон олий диний раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий Президент Иброҳим Раисий ва унинг ҳамроҳлари вертолёт ҳалокатида вафот этгани муносабати билан 5 кунлик мотам эълон қилди

Эслатиб ўтамиз, бугун, 21 май куни Табриз шаҳрида Иброҳим Раисий ва унга ҳамроҳлик қилган расмийлар билан видолашув маросими бўлиб ўтганди. Эртага, 22 май куни Эрон пойтахти Теҳрон шаҳрида Президент Иброҳим Раисий билан видолашув маросимида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этиши маълум қилинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Иброҳим Раисий

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг