Раҳмоновнинг эҳтимолий рақиблари маълум бўлди
Спорт
−
04 Ноябрь
2315
Аввалроқ, қозоғистонлик UFC жангчиси Шавкат Раҳмонов ва фаластинлик Билол Муҳаммад ўртасидаги жанг бекор қилингани хабар қилинганди.
Билол Муҳаммаднинг бетоблиги туфайли рақибсиз қолган ярим ўрта вазн тоифасида UFC’нинг биринчи рақамли жангчиси Шавкат Раҳмонов 7 декабрь куни Лас-Вегасда бўлиб ўтадиган UFC 310 турнирида ҳар қандай ҳолатда ҳам иштирок этмоқчи. Бу ҳақда “Номад” клуби бош мураббийи Эдуард Базров “Prosports” нашрига берган интервьюсида айтди.
“Ҳозир ташкилотчилар Шавкатга муносиб рақиб изламоқда. Биз албатта жанг қилишимиз керак. Бир нечта вариант бор ва қайси бири яхшироқ танлов бўлишини кўриб чиқамиз. Тўғриси, бизга ким билан жанг қилишнинг фарқи йўқ. Шунчаки, биз Билолга қарши жанг учун алоҳида тайёргарлик кўраётган эдик. Раҳмоновга қарши Эдуардс, Усмон, Маддалена, Гэрри каби вариантлар бор”, дейди Эдуард Базров
Шу билан бирга, Қозоғистон жамоаси амалдаги чемпионнинг жангда иштирок эта олмаслиги қарорига шубҳа билан қараб, Билолнинг касали жуда жиддиймаслигини билдирди.
“Менимча, бу жиддий инфекция эмас. Кўпгина жангчилар бу каби муаммоларга дуч келади, аммо бу жиддий ҳолат эмас эди. Бу касаллик баъзи ҳолларда антибиотиклар билан, баъзан эса оддийгина малҳамлар билан даволанади. Асосан, бир ҳафта ёки ўн кундан кейин касал тузалиб кетади. Бизда Билолдагидан ҳам жиддийроқ муаммолар бор эди, лекин биз жанг қилишга қарор қилдик”, дейди мутахассис.
Маълумот учун, 30 ёшли Раҳмонов ММА’да 18 та жанг ўтказиб, барчасида ғалаба қозонган. 36 ёшли Билол Муҳаммад эса 27 та жангда қатнашиб, 24 та ғалабани расмийлаштирган ва 3 та тўқнашувда имкониятни бой берган.
LiveБарчаси