Путиннинг Ўзбекистонга ташрифи расман эълон қилинди
Жамият
−
24 Май
24548Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин 26–27 май кунлари давлат ташрифи билан Тошкентда бўлади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Ташриф дастурида олий даражадаги музокаралар ўтказилиши кўзда тутилган. Бўлажак учрашув кун тартибидан Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш масалалари ўрин олган.
"Амалий ҳамкорликни кенгайтиришга, энг аввало, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, иқтисодиёт тармоқларида кооперация лойиҳаларини илгари суриш, инновацион ҳамкорлик дастурларини қўллаб-қувватлаш, фаол маданий-гуманитар алмашинувни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилади", дейилади хабарда.
Қайд этилишича, саммит якунлари бўйича икки томонлама ҳужжатлар тўпламини қабул қилиш режалаштирилган. Шунингдек, давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари кенгашининг биринчи йиғилишида иштирок этади.
"Ташриф арафасида Тошкент шаҳрида бир қатор қўшма тадбирлар – етакчи муҳандислик-техника олий ўқув юртлари ректорларининг учрашуви, тиббиёт илмий-амалий конференцияси ва Рус санъати ҳафталиги бўлиб ўтаётганини таъкидлаш жоиз", дейилади хабарда.
Кремль матбуот хизматининг маълум қилишича, музокаралар давомида долзарб минтақавий муаммолар юзасидан фикр алмашиш режалаштирилган.
Маълумот учун, 21 февраль куни Шавкат Мирзиёев Россия раҳбари билан Қозонда бўлиб ўтган учрашувида Путиннинг сайловдан кейинги дастлабки ташрифлардан бири Ўзбекистонга бўлишини, ушбу ташрифга “жуда жиддий” тайёргарлик кўраётганини айтганди. Путиннинг сайловдан кейинги илк хорижий сафари 16-17 май кунлари Хитойда бўлди. Кеча, 23 май куни у Беларусга борди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Путин Тошкентга келганида қаерларга бориши маълум бўлганди.
LiveБарчаси