Путин ва Аббос Фаластиндаги вазиятни муҳокама қилди
Олам
−
19 Апрель 2022
16069Россия Президенти Владимир Путин Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббос билан телефон орқали мулоқот қилди. Мулоқот Фаластин томони ташаббуси билан ўтказилди. Бу ҳақда Кремль Матбуот хизмати маълум қилди.
Хабарда айтилишича, Иордан дарёсининг ғарбий соҳилида ва Шарқий Қуддусда кескинликнинг кучайиши шароитида Яқин Шарқни тартибга солиш масалалари муҳокама қилинган.
“Бу кенг кўламли Фаластин-Исроил қарама-қаршилигига айланмаслигига умид билдирилди. Фаластин ва Исроил ўртасидаги тўғридан-тўғри мулоқотни, хусусан, халқаро воситачилар “тўртлиги” ҳомийлигида қайта бошлаш муҳимлиги таъкидланди”, дейилади расмий релизда.
Матбуот хизматининг қўшимча қилишича, Путин Украинадаги “махсус ҳарбий операция”нинг бориши ҳамда Россия ва Украина вакиллари ўртасидаги музокаралар ҳақида маълумот берган.
“Икки томонлама ҳамкорликнинг, биринчи навбатда, савдо-иқтисодий соҳадаги долзарб масалалари кўриб чиқилди. Дўстона Россия-Фаластин муносабатларини янада ривожлантиришга ўзаро мойиллик тасдиқланди”, дейилади хабарномада.
Россия Президенти Маҳмуд Аббос ва бутун Фаластин халқини мусулмонларнинг муқаддас Рамазон ойи билан табриклади.
Суҳбат якунида алоқаларни давом эттиришга келишиб олинган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 15 апрель куни Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидида фаластинликлар ва Исроил полицияси ўртасида тўқнашув юз берди. Бунга Исроил полициясининг муқаддас зиёратгоҳ ҳудудига бостириб кириши сабаб бўлди.
Ҳозиргача Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Яман, Ироқ, Ливия, Иордания ва Туркия Исроил кучларининг Ал-Ақсога киритганини қоралаб чиқди.
Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ҳам Фаластин маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббос билан телефон орқали мулоқот қилиб, Ал-Ақсо атрофидаги ҳодисаларга қаршилик кўрсатишини билдирди.
18 апрель куни эса яҳудий ақидапарастлар Исроил полицияси ҳамроҳлигида яна мусулмонларнинг муқаддас зиёратгоҳи ҳудудига кирди. Фаластинликларнинг қаршилик кўрсатиши ортидан полиция уларни калтаклаб, ҳибсга олди.
Маълумот учун, Қуддусдаги “Ал-Ақсо” масжиди мусулмонларнинг биринчи қибласи ҳисобланади.
Мутаассиб яҳудийлар зиёратгоҳ шоҳ Сулаймон мақбараси вайроналари ўрнида барпо этилган деб, масжид ҳудудига тез-тез бостириб киради.
Исроил ва Иордания ўртасида 1994 йилда тузилган келишувга биноан “Ал-Ақсо” масжиди Қуддус Ислом жамғармалари бошқармаси томонидан бошқарилади.
Бироқ, 2003 йилдан бери яҳудийлар маъмурият рухсатини эътиборга олмай, Исроилнинг бир томонлама қарори билан полиция ҳамроҳлигида зиёратга бостириб киришни бошлади. Ислом жамғармалари бошқармаси бундай ҳаракатлар мусулмонлар суверенитетининг бузилиши эканини таъкидлайди.
LiveБарчаси