Путин МДҲ давлатларининг рус тили ташкилоти ҳақидаги келишувни маъқуллашини кутмоқда
Олам
−
08 Октябрь
10668Россия Президенти Владимир Путин Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг барча давлатлари Халқаро рус тили ташкилотини ташкил этиш тўғрисидаги шартномани тез орада ратификация қилишини кутмоқда. Бу ҳақда у бугун, 8 октябрь куни Москвада бўлиб ўтаётган МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашида сўз очди.
“Бир йил аввал Бишкекда биз Халқаро рус тили ташкилотини ташкил этиш тўғрисида шартнома имзолаган эдик. Россия, Беларусь, Қирғизистон ва Тожикистон аллақачон уни ратификация қилган. Умид қиламанки, қолган дўстларимиз ва иштирокчи давлатлар тегишли ички тартиб-қоидаларни амалга оширади”, деди Путин.
У Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевга шундай тузилмани яратиш ташаббуси учун миннатдорлик билдирди.
“Менимча, бу жуда фойдали ва муҳим ташаббус, чунки рус тили барчамиз учун миллатлараро мулоқот тилидир”, дея хулоса қилди Россия раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 13 октябрь куни Қирғизистон пойтахти Бишкекда бўлиб ўтган МДҲ давлат раҳбарлари саммитида рус тили Ҳамдўстлик давлатлари ўртасида миллатлараро тил сифатида тан олинганди. Бишкекда ўтган саммитда МДҲ давлат раҳбарларининг рус тилини миллатлараро мулоқот тили сифатида қўллаб-қувватлаш ва тарғиб қилиш тўғрисидаги баёни имзоланган. Шунингдек, йиғилган барча давлат раҳбарлари “Халқаро рус тили ташкилотини таъсис этиш тўғрисида”ги шартномага ҳам эътирозсиз имзо чеккан.
LiveБарчаси