Путин Эрон Президентини Россияга таклиф қилди
Олам
−
19 Август
3992Россия Президенти Владимир Путин эронлик мавқедоши Масъуд Пезешкиённи кузда Қозонда бўлиб ўтадиган BRICS саммитида иштирок этишга таклиф қилди. Бу ҳақда Эрон Ташқи ишлар вазирлигига таяниб, “Mehr” агентлиги хабар берди.
“Биз жаноб Путиндан жаноб Пезешкиёнга бўлажак BRICS саммитига таклиф олдик”, деган Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Носир Канани.
Канани Эрон Ислом Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида кенг қамровли келишув лойиҳаси устида иш якунланганини маълум қилган. Икки давлат узоқ вақт давомида техник ва ҳуқуқий учрашувлар орқали ушбу келишувни муҳокама қилаётганди.
“Ҳужжат лойиҳаси муҳокама қилинди ва уни имзолаш бўйича умумий сиёсий ирода икки давлат ўртасидаги дўстона ва конструктив муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилган. Ушбу ҳужжатнинг якуний имзоланиши белгиланган ҳуқуқий тартиб-қоидалар доирасида амалга оширилади. 22-24 октябрь кунлари Қозонда бўлиб ўтадиган BRICS саммитида икки томон расмийлари ўртасида фикр алмашиш имконияти пайдо бўлади ва келажакда кенг қамровли узоқ муддатли шартнома имзоланиши мумкин”, деди Канани.
Эслатиб ўтамиз, 5 август куни Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Сергей Шойгу режалаштирилган иш сафари билан Эронга борган, Президент Масъуд Пезешкиён қабулида бўлган ва икки томонлама келишувларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилганди.
LiveБарчаси