Путин душман мамлакатларга жавоб чоралари бўйича фармонни имзолади

Олам

image

Россия Президенти Владимир Путин “Хорижий давлатларнинг нодўстона ҳаракатлари муносабати билан жавоб виза чоралари тўғрисида”ги фармонни имзолади. Ҳужжат бугун, 4 апрель куни ҳуқуқий ахборотнинг расмий порталида эълон қилинди. 

Фармон “Европа Иттифоқининг нодўстона ҳаракатларига жавобан шошилинч чоралар кўриш заруратидан келиб чиқиб” имзоланган. Унга кўра, Россия Федерацияси Европа Иттифоқи, Норвегия, Дания, Исландия, Швейцария ва Лихтенштейн билан визани соддалаштириш бўйича келишувларнинг бир қатор бандларини тўхтатди. 

Путин Ташқи ишлар вазирлигига номақбул хатти-ҳаракатларга йўл қўйган хорижликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Россия Федерациясига киришига шахсий чекловлар жорий этиш бўйича топшириқ берди. 

“Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлиги федерал ижроия органлари билан ҳамкорликда Россия Федерациясига, унинг фуқароларига ёки юридик шахсларига қарши ножўя ҳаракатлар содир этган фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга Россия Федерациясига киришга рухсат бермаслик тўғрисида қарор қабул қилишга, Россия Федерациясига кириш ва чет эл фуқароларининг Россия Федерациясида бўлишига шахсий чекловлар қўйиш ваколатига эга”, дейилади ҳужжатда.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Путин Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

88

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг