Прописка очилгандан кейин Тошкентдан қанча уй сотиб олинди?

Жамият 8777
image

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Доимий прописка қилиш ҳамда турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони қабул қилингач, 2020 йил 1 апрелдан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида пропискаси бўлмаган фуқаролар ҳам кўчмас мулк сотиб олиш имкониятига эга бўлди.

Бу имкониятдан ўтган 70 кунда фойдаланган фуқарорлар Тошкент шаҳридан 12 799 та, Тошкент вилоятидан эса 2 052 та уй-жой олди-сотди битимларини нотариал идораларда расмийлаштиришди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этиш керакки, нотариал идоралар томонидан ушбу даврда бу ҳудудларда жами расмийлаштирилган уй-жой олди-сотди битимларининг деярли 70 фоизини айнан, пропискаси бошқа ҳудудларда бўлган фуқаролар иштирокидаги битимларга тўғри келади.

20 йилдан ортиқ амалда бўлган, Тошкентдан уй сотиб олишдаги тўсиқларнинг олиб ташланиши фуқароларнинг уй-жойга эга бўлишида юзага келган турли муаммоларини ҳам барҳам топишига хизмат қилди. 

Хусусан, кўплаб фуқаролар уйни Тошкентда пропискаси бўлган таниши номига расмийлаштириб, кейин “ўз уйида ижарачи” бўлиб яшашга мажбур бўлганлиги ҳам сир эмас. Фармон қабул қилиниши билан яратилган имкониятдан биринчи навбатда шундай фуқаролар фойдаланиб, уйларини ўз номига расмийлаштиришди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 13 май куни прописка тизимини ислоҳ қилиш тўғрисидаги қонунни имзолади.

Шундан сўнг, Ўзбекистон фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.

Унга кўра, фуқаро янги яшаш жойига келган кундан эътиборан 15 кун ичида миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари (МваФРБ), Давлат хизматлари марказлари (ДХМ) ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали доимий ёки вақтинча рўйхатдан ўтишлари шарт (ҳозир 10 кун муддатда).

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 257
Рейтинг: 3
t
×