Шавкат Мирзиёев прописка тўғрисидаги фармонни имзолади. Тизим ислоҳ қилинади

Жамият 7730
image

Ўзбекистон Республикаси Президенти "Доимий прописка қилиш ҳамда турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонни имзолади. Бу ҳақда "Тараққиёт стратегияси" маркази хабар берди.

Унга кўра, "доимий прописка қилиш" ва "турган жойи бўйича ҳисобга олиш" тушунчалари "доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш" ҳамда "вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш" тушунчаларига ўзгартирилмоқда. Шу билан бирга, фуқароларга биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошларини ўзи доимий яшаш жойи бўйича рўйхатда бўлган манзил билан бир қаторда, эгалигида бўлган уй-жой майдонига доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга қўйиш имконияти яратилмоқда.

Фармонга мувофиқ, доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга қўйиш учун эр-хотиннинг никоҳдан кейин бир йил давомида биргаликда яшаш шарти ҳамда бир йил ичида никоҳ бекор қилинган тақдирда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниши йўқотилиши тўғрисидаги қоида олиб ташланмоқда. Ўз навбатида, оилага тарбияга олинган (патронат) шахслар уларнинг тутинган ота-онасининг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниши, илгари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган фуқаролар доимий яшаш учун тегишинча қайтиб келганида, улар ҳеч қандай тўсиқларсиз доимий яшаш жойи бўйича қайта рўйхатга олинади.

Тегишли лавозимларга сайланган, тайинланган, тасдиқланган фуқаролар ҳамда республика даражасидаги бошқа давлат ташкилотларига ишга таклиф этилган мутахассислар учун лавозимни эгаллаб туриш даврига бериладиган доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниш ҳуқуқига бўлган чеклов олиб ташланади. Республиканинг бошқа ҳудудларида рўйхатда турган фуқаролар Тошкент шаҳри ва вилоятидаги янги қурилган уйларни сотиб олиб, уч йил ичида сотган ҳолатларда давлат божининг алоҳида ставкаларини қўллаш амалиёти ҳам бекор қилинмоқда.

Энг катта ўзгаришлардан бири, 1 апрелдан бошлаб Тошкент шаҳри ва вилоятида кўчмас мулкка эга бўлишда Ўзбекистон фуқаролари учун ушбу ҳудудларда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш талаб этилмайди. Шу билан бир қаторда, мамлакати фуқароларини доимий яшаш ва вақтинча турар жойи бўйича рўйхатга олиш билан боғлиқ ишлар келгусида идоралараро электрон ҳамкорлик орқали "ягона дарча" тамойили асосида Ички ишлар вазирлигининг "Манзил" автоматлаштирилган ахборот тизими воситасида амалга оширилиши назарда тутилаётгани ортиқча оворагарчиликлар ва бюрократияга чек қўяди.

Шунингдек, фармон билан доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш тартибини бузганлик ҳолати фуқароларни тегишли ҳудуд ва манзилдан чиқариб юбориш учун асос бўлмаслиги, уларнинг доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтмасдан истиқомат қилиш муддати 15 кунга узайтирилгани, рўйхатга олишни расмийлаштириш бир кун ичида амалга оширилиши, мамлакат фуқароларини доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олишда аввалги доимий яшаш жойидан рўйхатдан чиқиш тартиби бекор қилиниши белгиланмоқда.

Фармонда Ҳукумат зиммасига бир ҳафта муддатда "Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш тартиби тўғрисида"ги Низомни тасдиқлаш вазифаси юклатилди.

Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев Парламентга йўллаган Мурожаатномасида амалда бўлган прописка тизимини танқид қилган ва бу ҳолат ишчи кучининг ҳаракатланишига ҳалақит бераётганини таъкидлаб ўтганди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 151
Рейтинг: 3
Теглар
t
×