Халққа қишда тезак ёқишни маслаҳат берган ҳоким ишдан кетди
Жамият
−
30 Декабрь 2025 12919 2 дақиқа
Бугун, 30 декабрь куни Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон тумани ҳокими лавозимида фаолият юритиб келган Анвар Нормаматов лавозимидан озод этилди ва унинг ўрнига Фаррух Ҳолиқов тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Халқ депутатлари Қумқўрғон тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтган. Унда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов иштирок этган. Сессияда ташкилий масала кўриб чиқилган. Шу кунгача Қумқўрғон тумани ҳокими лавозимида фаолият юритиб келган Анвар Нормаматов бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимидан озод этилган.
Вилоят ҳокими томонидан туман ҳокими лавозимига Фаррух Омонович Ҳолиқов номзоди таклиф этилган. Мазкур номзод Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари томонидан маъқулланган. Фаррух Ҳолиқов Миллий кадрлар захирасидан тавсия этилган.
Маълумот учун, Фаррух Ҳолиқов 1985 йилда Қашқадарё вилояти Китоб туманида туғилган. У 2009 йилда Тошкент давлат юридик институтини, 2016 йилда Бош прокуратура олий ўқув курсини ҳуқуқшунослик мутахассислиги бўйича тамомлаган. Меҳнат фаолияти давомида прокуратура органларида турли лавозимларда, жумладан, Узун ва Шўрчи туманлари прокурори сифатида ишлаган. Тайинловга қадар Денов тумани прокурори лавозимида фаолият юритиб келган.
Қайд этиш жоиз, жорий йилнинг 12 сентябрь куни халқ депутатлари Қумқўрғон тумани кенгашининг 10-сессиясида Анвар Нормаматов газнинг “таги йўқлиги” учун тезак ёқиш кераклигини айтганди. Шунингдек, у қиш келганча, симёғоч ва трансформаторларни таъмирлаш кераклигини ва энг асосий муаммо электр энергияси билан боғлиқ эканини айтган. Бундан ташқари, “Қумқўрғон туман газ” филиали бошлиғи И.Мустафоқулов ҳисобот ўқиган. Туман ҳокими эса газ билан боғлиқ муаммоларга тўхталган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шуҳрат Назаров Сурхондарё вилоятининг Термиз тумани ҳокими лавозимидан озод этилганди ва унинг ўрнига Шуҳрат Қаландаров тайинланган эди.
Live
Барчаси31 Декабрь 2025
Фарғона давлат техника университети ректори Қўнғиротбой Шариповга янги ўринбосар бўлди.
30 Декабрь 2025
30 Декабрь 2025
30 Декабрь 2025
29 Декабрь 2025