Прокуратура ўқувчи устунга тегиб вафот этганини айтмоқда
3-саҳифа
−
28 Ноябрь 2023
9085Аввалроқ, QALAMPIR.UZ “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ даги манбасига таяниб, Тошкент шаҳрида 8-синф ўқувчиси очиқ турган электр токи симига тегиб кетиши оқибатида вафот этгани ҳақида хабар берганди. Кейинроқ, Тошкент шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бола ток уриши оқибатида ҳалок бўлганини рад этиб, ўқувчи ҳушидан кетиб вафот этганини маълум қилди.
QALAMPIR.UZ журналисти эса воқеа жойига чиқиб, ҳолатни ўрганди. Мирзо Улуғбек тумани прокуратураси терговчиси Мурод Нуралиевга кўра, бола электр сими уланган устунга теккандан кейин вафот этган.
Гап шундаки, мактабнинг футбол стадиони ёнидаги ёритгичнинг электр симлари очиқ қолган. Ушбу симлар фақатгина пластик идишлар билан ўраб қўйилган. Бола шу устунга қўли билан теккан.
Шунингдек, олинган маълумотларга кўра, мактабда бундай ҳолатлар аввал ҳам юз берган. Мактабдаги бир ўқувчининг QALAMPIR.UZ журналистига айтишича, унинг синфдоши билан ҳам олдин шундай воқеа содир бўлган. Ўқувчи синфдоши ҳозирда шифохонадалигини билдирди.
Мурод Нуралиевнинг маълум қилишича, ҳозирда ҳолат юзасидан Мирзо Улуғбек прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Суд-тиббий экспертизасидан кейин ҳолатга аниқлик киритилади.
Воқеа содир бўлган жой тегишли мутахассислар иштирокида кўздан кечирилиб, устун муҳрланган.
Аввалроқ эса бошқарма суриштирув ишлари олиб борилаётганини айтиб туриб ҳам боланинг вафотини унинг ҳушидан кетгани билан боғлаб, воқеага электр токи сабаб бўлганини рад этган. Энг қизиғи, буни ҳеч қандай шаклда далилламаган, қолаверса, ҳали суд-тиббий экспертизаси хулосалари ҳам йўқ.