Прокуратура Хоразмда 20 млрдли тендер вилоят “замҳоким”ининг укасига берилганини текширди

Жамият 14811
image

Аввалроқ Хоразмда 20,4 млрд сўмлик давлат буюртмаси вилоят ҳокими ўринбосарининг укаси раҳбарлигидаги компанияга топширилгани ҳақида хабар берган эдик. Вилоят прокуратураси мазкур тендер бўйича текширув ўтказиб, натижаларини эълон қилди.

Маълум қилинишича, Хоразм вилояти прокуратураси томонидан жорий йилнинг 11 февралида “Xorazm invest xolding” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми “а, в” банди ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган.

Тергов давомида, Урганч шаҳридаги перинатал марказини реконструкция қилиш бўйича 20 млрд сўмлик давлат буюртмаси юзасидан ўтказилган тендерда Хоразм вилояти ҳокимининг капитал қурилиш коммуникациялар, коммунал хўжалик ва ободонлаштириш масалалари бўйича ўринбосари Б.Қурбонов раислик қилганлиги ва тендер натижаси бўйича унинг укаси У.Қурбоновга тегишли бўлган “Бунёдкор” МЧЖ ғолиб бўлгани тегишли мутахассислар иштирокида ўрганилган.

Аниқланишича, вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компаниясининг буюртмаси асосида Қурилиш вазирлигининг Хоразм вилоят қурилишда танлов савдоларини ташкил этиш ҳудудий консалтинг маркази томонидан ўтказилган, бошланғич нархи 20 млрд 380,6 млн сўм бўлган Урганч шаҳридаги перинатал марказини реконструкция қилиш бўйича “Бунёдкор” МЧЖ, “Урганч қурилиш бетон” МЧЖ ва “Ирдимзон қурилиш” хусусий корхонаси томонидан оферталар тақдим қилинган. Ўтган йил 23 июндаги тендер ғолибини аниқлаш натижаларига кўра, “Бунёдкор” МЧЖ 20 млрд 180,6 млн сўм таклиф қилган ҳолда 100 балл тўплаб, тендер ғолиби бўлган.

Шунингдек, ушбу тендер жараёнида комиссия раиси Б.Қурбонов хизмат сафарида бўлгани сабабли иштирок қилмагани ҳамда “Бунёдкор” МЧЖ номидан жамият вакили Б.Саидов ишончнома асосида қатнашгани аниқланган.

Бундан ташқари, тендер ҳужжатлари Монополияга қарши курашиш қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси мутахассислари томонидан ўрганилиб, тендер қонуний ўтказилгани, тендер хужжатларини баҳолаш тўғри амалга оширилгани, шу сабабли тендер савдосини ноқонуний ўтказилган деб ҳисоблаш мумкин эмаслиги ҳақида хулоса тақдим қилинган.

Шунга кўра, “Бунёдкор” МЧЖнинг Урганч шаҳридаги перинатал марказини реконструкция қилиш бўйича ўтказилган тендер савдолари ғолиби бўлганлиги ҳолатида бирон-бир шахснинг ҳаракатларида жиноят аломатлари аниқланмагани сабабли, жиноят ишининг вилоят ҳокими ўринбосари Б.Қурбонов ва “Бунёдкор” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан бўлган бир қисми Жиноят процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан тугатилган.

Прокуратура баёнотида шунингдек, тендер натижалари бўйича ҳужжатларни расмийлаштиришда йўл қўйилган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси ҳамда Хоразм вилоят қурилишда танлов савдоларини ташкил этиш ҳудудий консалтинг Марказига тақдимномалар киритилгани қайд этилган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 564
Рейтинг: 2.9
Теглар
t
×