Профилактика инспекторлари ҳар чоракда аҳоли олдида ҳисобот беради

Жамият

image

Профилактика инспекторлари ҳар чоракда ўз ҳудудида амалга оширилган ишлар юзасидан аҳоли олдида ҳисобот беради. Бу ҳақда бугун, 25 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари биринчи ўқишда қабул қилган “Ички ишлар органлари профилактика инспекторининг мақоми тўғрисида”ги қонун лойиҳасида сўз боради.

Қайд этилишича, ушбу қонун лойиҳаси билан профилактика инспекторининг мақоми, асосий вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, жавобгарлиги ҳамда хизматни ўташ тартиби белгиланмоқда. Хусусан, инспекторнинг касбий фаолиятига асоссиз аралашиш, уни хизмат вазифалари билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб қилиш ва унга қўшимча вазифалар юклашга йўл қўймаслик назарда тутилмоқда.

Қонунга мувофиқ профилактика инспектори ҳар чоракда ўз хизмат ҳудудида амалга оширилган ишлар юзасидан аҳоли ва жамоатчилик олдида ҳисобот бериши белгиланмоқда. Шунингдек, аҳолининг профилактика инспектори фаолиятига нисбатан “ишончсизлик ташаббуси”ни билдириш механизми ҳам жорий этилмоқда.

Ҳужжатда профилактика инспекторларининг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини давлат томонидан ҳимоя қилиш, меҳнатига муносиб ҳақ тўлаш, хизмат ва уй-жой шароитларини яхшилаш ҳамда самарали фаолият юритаётган ходимларни рағбатлантиришга оид кафолатлар ҳам назарда тутилган.

Шунингдек, мажлисда қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ҳуқуқбузарликлар профилактикасини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиши, ҳар бир маҳаллада хавфсиз муҳитни таъминлаш, профилактика инспекторларининг масъулияти ва аҳоли билан ишлаш самарадорлигини оширишга хизмат қилиши таъкидланган.

Билдирилишича, муҳокамалар якунида қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 29 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёев профилактика инспекторлари ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш фаолиятини такомиллаштириш юзасидан таклифлар тақдимоти билан танишган эди. Ўшанда профилактика инспекторининг касбий фаолиятига аралашиш, унга тааллуқли бўлмаган топшириқлар ва асоссиз юкламалар бериш тақиқланиши айтилганди. Шунингдек, мамлакатдаги 9 мингга яқин маҳаллада 10 мингдан ортиқ профилактика инспектори хизмат қилаётгани маълум қилинган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг