Прилепиннинг гаплари Россия позициясини англатмайди – Элчи

Олам

image

Россия Федерацияси ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик фаолиятнинг деярли барча йўналишларида изчил ривожланиб бормоқда, мамлакатларни ҳар томонлама стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари бирлаштириб туради. Бу ҳақда Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Олег Мальгинов маълум қилди. 

“Россия ва Ўзбекистонни нафақат кўп асрлик тарих, маданий-маънавий қадриятлар, балки ҳар томонлама стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари ҳам бирлаштириб туради. Буни яқинда мамлакатларимиз президентлари жорий йил октябрь ойида Москвада бўлиб ўтган учрашувда яна бир бор тасдиқладилар. Давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик фаолиятнинг деярли барча йўналишларида изчил ривожланиб бормоқда”, дея унинг сўзларидан иқтибос келтиради элчихона матбуот хизмати. 

Мальгинов Россия ҳеч қачон Ўзбекистоннинг давлат суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини шубҳа остига қўймаганини, россиялик ёзувчи, “Адолатли Россия – ватанпарварлар – ҳақиқат учун” партияси ҳамраиси Захар Прилепиннинг баёнотлари Россия Федерациясининг расмий позициясига алоқадор эмаслигини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, Россия гвардияси полк командирининг ҳарбий-сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Захар Прилепин собиқ СССР ҳудудларини Россия Федерацияси таркибига қўшиб, уларнинг аҳолисига рус тилини ўргатиш таклифини илгари сургани хабар қилинганди. Бу Ўзбекистонда норозилик ва кенг мунозараларга сабаб бўлди. Ўзбекистонлик фаоллар ва депутатлар бу борада ўз муносабатларини эълон қилди. Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Иномжон Қудратов Прилепиннинг баёнотига муносабат билдираётиб, “Ақлсиз дўст ақлли душмандан ёмонроқдир”, нақлини эслатди. Табиат ресурслари вазирининг маслаҳатчиси, жамоатчилик фаоли Расул Кушербоев эса Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам мазкур вазиятдан норозилик билдириб, Россияга расмий нота юбориши кераклигини таъкидлади. “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши раиси ўринбосари Миродил Абдураҳмонов ҳам бу бўйича муносабат бериб, Киевни эгаллаш Россия учун орзулигича қолишини айтди. “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис депутати Бобур Бекмуродов эса Прилепиннинг бундай ҳаракати на Ўзбекистон, на Россия қонунчилигига тўғри келмаслигини эслатди. Яна бир  депутат Умида Раҳмонова эса бир давлатнинг суверенитет ҳуқуқини бошқа давлатларга нисбатан бузишни ғирт иккиюзламачилик деб атади.

Жамоатчилик орасидаги норозиликлардан сўнг, Россиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Олег Мальгинов бугун, 21 декабрь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилди. Учрашувда Россия вакилига “Россия сегодня” матбуот-марказида бўлиб ўтган анжуманда “Справедливая Россия – за правду” партияси ҳамраиси Захар Прилепиннинг Ўзбекистон ҳудудини Россияга қўшиб олиш зарурлиги ҳақидаги таклифи Тошкентда чуқур ташвиш ҳисси билан қабул қилингани қатъий тарзда етказилган.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова эса Захар Прилепиннинг Ўзбекистонни босиб олиш ҳақидаги тажовузкор гапларига муносабат билдириб, бу Прилепин шахсий фикри эканини, Москва билан боғлиқлик жойи йўқлигини айтди


Мақола муаллифи

Теглар

Олег Мальгинов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг