Бобур Бекмуродов рус амалдорини жиноий жавобгарликдан огоҳлантирди
Жамият
−
21 Декабрь 2023
18607Ҳозирда Россия гвардияси полк командирининг ҳарбий-сиёсий масалалар бўйича ўринбосари, “Путин жамоаси” ижтимоий ҳаракати аъзоси Захар Прилепиннинг собиқ СССР ҳудудларини Россия Федерацияси таркибига қўшиб, уларнинг аҳолисига рус тилини ўргатиш таклифини илгари сургани Ўзбекистонда норозилик ва кенг мунозараларга сабаб бўлмоқда. Ўзбекистонлик фаоллар ва депутатлар бу борада ўз муносабатларини эълон қилмоқда. “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис депутати Бобур Бекмуродов ҳам ушбу даъвога ўз муносабатини билдирди.
“Захар Прилепиннинг “Ўзбекистонни босиб олиш таҳдиди” мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат. Рус сиёсатчиларининг бундай қарашлари шубҳасизки, ўзбекистонликлар орасида Россия Федерациясига нисбатан салбий муносабатни кучайтирмоқда”, дейди Бекмуродов.
Депутатнинг айтишича, бу Россиянинг тобора тушиб бораётган нуфузини янада пасайтирмоқда. Шунингдек, у рус сиёсатчилари агрессив кайфият ва сўзлар билан дўст орттириб бўлмаслигини англаб етиши зарурлигини, уларнинг айнан шундай агрессив ҳаракатлари дўстона муносабатдаги мамлакатлар билан алоқаларнинг ёмонлашишига сабаб бўлаётганини эслатган.
Шунингдек, Бекмуродов Прилепиннинг бундай ҳаракати на Ўзбекистон, на Россия қонунчилигига тўғри келмаслигини эслатган.
“Прилепинни бундай ҳаракат Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддасида назарда тутилган жиноий жавобгарликни келтириб чиқариши ҳақида қатъий огоҳлантирамиз. У бу гаплари билан Россия Конституциясининг ўзга давлатлар билан тинч ҳаёт кечириш, ички ишларига аралашмасликни назарда тутувчи 79.1 моддасига қарши чиқмоқда”, дея қўшимча қилган Бобур Бекмуродов.
Бундан ташқари, у Прилепин ва бошқа рус сиёсатчилари илгари сураётган бундай қарашлар иллюзиядан бошқа нарса эмаслигини айтган.
“Кимгадир ёқадими, ёқмайдими, Ўзбекистон мустақил, мустаҳкам суверенитетга эга мамлакатдир. Қолаверса, қарийб 60 минг аъзога эга бўлган Ҳаракат номидан Россия расмийларини иттифоқчи мамлакатга нисбатан бундай агрессив баёнотларга эътибор қаратишга ва батамом чек қўйишга чақираман”, дейди депутат.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Иномжон Қудратов Прилепиннинг баёнотига муносабат билдираётиб, “Ақлсиз дўст ақлли душмандан ёмонроқдир”, нақлини эслатганди. Табиат ресурслари вазирининг маслаҳатчиси, жамоатчилик фаоли Расул Кушербоев эса Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам мазкур вазиятдан норозилик билдириб, Россияга расмий нота юбориши кераклигини таъкидлаганди. “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши раиси ўринбосари Миродил Абдураҳмонов ҳам бу бўйича муносабат бериб, Киевни эгаллаш Россия учун орзулигича қолишини айтганди.
LiveБарчаси