Президентдан “ҳайфсан” олган Султонов ишсиз қолдирилмади
Жамият
−
07 Август 2023
21872Бугун, 7 август куни Президент Шавкат Мирзиёев имзолаган қарор билан Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосарлигидан кетган Дилшод Шуҳратович Султонов ишсиз қолмади. У бугуннинг ўзида Тошкент вилояти Янгийўл шаҳри ҳокими вазифасини бажарувчи сифатида иш бошлади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, бугун Халқ депутатлари Янгийўл шаҳар кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтган. Унда Дилшод Султонов жорий йилнинг июль ойида Президент раислигида ўтган йиғилишда ўндан ортиқ туман ва шаҳар ҳокимлари қаторида ишдан олинган Фарҳод Мирзаевнинг ўрнига Янгийўл шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.
Дилшод Султонов 2018 йилнинг сентябридан бугунга қадар Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди. У 2 август куни Президент раислигидаги йиғилишда Иқтисодиёт ва молия вазирининг солиққа масъул ўринбосари сифатида “ҳайфсан” олганди.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 7 август куни Сирдарё вилоятининг Ховос тумани, Тошкент вилоятининг Бекобод тумани ҳамда Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманига ҳам янги ҳокимлар тайинланганди.