Президент ва Бош вазир ҳам даромадларини декларация қилиши кутилмоқда
Жамият
−
07 Январь 2021
12784Ўзбекистонда барча давлат мансабдорлари қаторида Президент ва Бош вазирнинг ҳам даромад ва мол-мулки декларация қилиниши кутилмоқда. Мазкур норма назарда тутилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, тегишли органларга тақдим этилган. Бу ҳақда бугун, 7 январь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтган брифингда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги масъуллари маълумот берди.
Тадбирда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори ўринбосари Умида Тўхташева амалдорлар даромадини декларация қилиш қачондан бошланиши ҳақида гапирди.
“Ҳозирги кунда декларация қонуни агентлик томонидан ишлаб чиқилган ва тегишли органларга келишиш учун киритилган. Қонун қабул қилинса, 2021 йилнинг ўртасида ёки охирида амалдорларнинг даромадларини декларация қилиш бошланади. Лекин, ҳозир аниқ бир муддат айтиш жуда қийин”, дейди Умида Тўхташева.
Бундан ташқари, Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг маъсул ходими Ўткир Намозбоев даромадни декларация қилиш қайси доирадаги амалдорларни қамраб олишини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, агентлик томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳасида мансабдор шахсларнинг барчаси қамраб олинган: Вазирлар Маҳкамаси, Президент Администрацияси, ҳокимликлар, суд ва прокуратура идоралари мансабдорлари. Шунингдек, агентликнинг даромадларни декларация қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасида Президент ва Бош вазир ҳам назарда тутилган.