Президент Қорақалпоғистонда қурбон бўлганларнинг оилаларига ҳамдардлик билдирди
Жамият
−
06 Июль 2022
8273Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонда рўй берган воқеаларда ўз яқинларини йўқотган оилаларга ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда давлат раҳбари бугун, 6 июль куни қурилиш ва ипотека соҳаларида ислоҳотларни жадаллаштириш ҳамда архитектура йўналишидаги олий таълим муассасаларини трансформация қилиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши аввалида сўз очган.
Йиғилиш аввалида давлатимиз раҳбари Қорақалпоғистондаги вазият ҳақида тўхталиб ўтган.
“Бу ерда содир бўлган нохуш воқеалар барчамизда ташвиш ва изтироб уйғотиши табиийдир.
Нукус шаҳрида юз берган воқеалар натижасида, афсуски, бир қанча фуқаролар ҳалок бўлди ва жабр кўрди.
Шу муносабат билан ўз яқинларини йўқотган оилаларга чин юракдан ҳамдардлик билдираман. Шифохоналарда даволанаётган беморларга эса тезроқ соғайиб кетишларини тилайман.
Мана шундай дақиқаларда тинчлик ва инсон ҳаёти нақадар бебаҳолигини, уни асраб-авайлаш нақадар муҳим эканини, бунга барчамиз масъул эканимизни янада чуқур ҳис этамиз”, дейди Президент.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1-2 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида айрим фуқаролар Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни нотўғри талқин қилиб, кутилмаганда намойишлар уюштирди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳолатни Нукусда давлат бошқаруви органларини эгаллашга уриниш деб баҳолади.
Шундан сўнг, 2 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга етиб борди ва қорақалпоқ халқи билан мулоқот қилди.
Шунингдек, Президент Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш муҳокамаси ҳали давом этаётганини инобатга олиб ҳамда Қорақалпоғистон аҳолиси билдираётган фикр ва мулоҳазаларни ўрганган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 70, 71, 72, 74, 75-моддаларини амалдаги таҳрирда ўзгаришсиз қолдириш зарурлигини маълум қилди.
4 июль куни Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Конституциядаги Қорақалпоғистонга оид моддалар ўзгартирилмаслиги ҳақида қарор қабул қилди.
Содир бўлган воқеаларда 516 киши қўлга олинди, 243 киши жароҳатланди, 18 киши қурбон бўлди. Ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) 4-қисми – “Ҳокимиятни босиб олиш ёки Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш” билан жиноят иши қўзғатилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь