Президент Қорақалпоғистондаги айрим ижтимоий муаммолар сақланиб қолаётганини айтди

Жамият

image

Қорақалпоғистонда ажратилаётган катта-катта маблағларга қарамай, аҳоли кайфиятига салбий таъсир қилаётган муаммолар сақланиб қолмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 26 август куни бўлиб ўтаётган  Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари 34-сессиясида сўз очди. 

Давлат раҳбари булар ҳақида гапираркан, шундай дейди:

“Чунки бу ердаги айрим адолатсиз, нопок раҳбарлар “халқни рози қилиш” деган эзгу тушунчани ҳали англаб етмаган”.

Бугунги кунда ҳам аҳоли ўртасида ичимлик суви, ички йўллар, электр таъминоти, ишсизлик, нарх-наво каби муаммолар юзасидан билдирилаётган шикоятлар юқорилигича қолмоқда.

Аслида, 2 ой олдинги воқеалар негизида ҳам аҳолининг айрим ижтимоий-иқтисодий муаммоларга ечим топмасдан ётгани кўрсатиб ўтилди.

"Афсуски, айрим раҳбарлар халқимизга халол хизмат қилиш ўрнига фаровонлигини таъминлашга йўналтирилган маблағларни самарасиз сарфлаш, яратиб берилган имкониятларни ишга солмаслик, эл-юрт учун жонини бериб ишламаслик ҳолатларига йўл қўйиб келмоқда", дейди Президент.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1-2 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида айрим фуқаролар Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни нотўғри талқин қилиб, кутилмаганда намойишлар уюштирди. 

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳолатни Нукусда давлат бошқаруви органларини эгаллашга уриниш деб баҳолади.

Шундан сўнг, 2 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга етиб борди ва қорақалпоқ халқи билан мулоқот қилди. 

Шунингдек, Президент Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш муҳокамаси ҳали давом этаётганини инобатга олиб ҳамда Қорақалпоғистон аҳолиси билдираётган фикр ва мулоҳазаларни ўрганган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 70, 71, 72, 74, 75-моддаларини амалдаги таҳрирда ўзгаришсиз қолдириш зарурлигини маълум қилди.

4 июль куни Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Конституциядаги Қорақалпоғистонга оид моддалар ўзгартирилмаслиги ҳақида қарор қабул қилди.

Содир бўлган воқеаларда 516 киши қўлга олинди, 243 киши жароҳатланди, 18 киши қурбон бўлди. Ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) 4-қисми – “Ҳокимиятни босиб олиш ёки Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш” билан жиноят иши қўзғатилди


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

117

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг