“Президент билан селфи”. Си Цзиньпин Ли Чже Мённинг расмга олиш маҳоратини олқишлади (видео)
Олам
−
06 Январь 4967 2 дақиқа
Кеча, 5 январь куни Хитой пойтахти Пекин шаҳрида бўлиб ўтган давлат банкети чоғида Жанубий Корея Президенти Ли Чже Мён Хитой раҳбари Си Цзиньпин билан бирга селфи олди. Бу ҳолат икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар илиқлашиб бораётганининг рамзий ифодаси сифатида баҳоланди. Бу ҳақда “Korea JoongAng Daily” нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, Ли Чже Мён расмга тушишни таклиф қилганида, Си Цзиньпин бунга ижобий муносабат билдирган ва Корея раҳбарининг суратга олиш маҳоратини мақтаган.
Хабарда айтилишича, банкет Пекиндаги Улуғ халқ залида бўлиб ўтган. Унда икки давлат раҳбарлари билан бирга уларнинг рафиқалари – Ким Ҳе Гён ва Пэн Лиюань ҳам иштирок этган. Тадбирдан сўнг Жанубий Корея Президенти селфиларни ижтимоий тармоқларда эълон қилиб, учрашув илиқ ва самимий руҳда ўтганини таъкидлаган.
Корея етакчиси Си Цзиньпинга анъанавий корейс санъатига мансуб “гирин” – тинчлик ва фаровонлик тимсоли бўлган афсонавий мавжудот тасвирланган расмни совға қилган. Шунингдек, Хитой раҳбарига аждарҳо нақшлари туширилган, олтин безакли санъат асари ҳам тақдим этилган. Ўз навбатида, Жанубий Корея биринчи хоними Ким Ҳе Гён Хитой биринчи хоними Пэн Лиюанга анъанавий корейс безак тақинчоқларини топширган.
Нашрга кўра, кун давомида томонлар расмий кутиб олиш маросими, икки томонлама музокаралар ҳамда ҳамкорлик ҳужжатларини имзолаш тадбирларида қатнашган. Давлат банкети эса сиёсий мулоқотдан ташқари, норасмий ва дўстона муҳитда ўтгани билан эътиборни тортган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 4 январь куни Жанубий Корея Президенти Ли Чже Мённинг Хитойда расмий давлат ташрифи бошланган эди.
Live
Барчаси