Пойтахтда яна 8 та автобус “план”дан озод қилинди
Жамият
−
10 Август 2023
77378 августдан бошлаб, “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ таркибидаги автобус саройлари томонидан хизмат кўрсатилаётган 8 та автобус “кунлик план тўлаш” тизимидан озод қилинди. Бу ҳақда “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ матбуот хизмати хабар берди.
Хабарда келтирилишича, 71, 74, 97, 114, 121, 124, 126, 148-сонли автобус йўналишларида хизмат кўрсатиш янги турдаги брутто-шартнома асосида амалга оширила бошлаган.
Бундай шартномага кўра, автобусларнинг харажатлари шаҳар бюджети ҳисобидан тўлаб берилади. Аммо бунда ташувчилардан сифат кўрсаткичларини таъминлаш, шунингдек, йўналишга шартномада кўрсатилган миқдорда автобуслар чиқиши ва белгиланган рейсларни амалга ошириш талаб қилинади.
Йўловчи ташувчи сифат кўрсаткичи ҳаракат жадвали ва интервалларига риоя қилиши (автобус йўлга қайси вақтда чиқиши, қачон маълум бир бекатга келиши), шунингдек, санитария шароитлари (салон ва автобуснинг тозалиги, ҳайдовчиларнинг ташқи кўриниши)га қараб белгиланади.
Матбуот хизматининг 3 августдаги хабарига кўра, бугунги кунда Тошкент шаҳридаги 79 та автобуслар (ушбу 8 та автобусдан ташқари) брутто-шартнома асосида фаолият олиб бормоқда. Келгусида яна 88 та йўналишлар янги тизим асосида босқичма-босқич ишга туширилиши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёевнинг 16 февраль куни имзолаган “Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида шаҳар автобус йўналишларида чекланган тарифлар бўйича йўловчилар ташишни брутто-шартнома асосида ташкил этиш ва молиялаштириш тизими босқичма-босқич жорий этилганди.
LiveБарчаси