Порошенко Украинага келди. У ҳибсга олинмади
Олам
−
17 Январь 2022
6946Украинанинг собиқ президенти Пётр Порошенко бўлган Wizz Air авиакомпаниясининг Варшавадан учаётган самолёти Киев аэропортига қўнди.
Порошенко Киев аеропортида назоратдан ўтганида хавфсизлик кучлари унинг паспортини олиб қўйишди, терговчилар процессуал ҳаракатларни ўтказди.
Украинанинг собиқ президенти чегарачилар уни мамлакатга киритмасликка ҳаракат қилганини айтди.
Унга кўра, Киев аэропортидаги чегарачилар уни мамлакатга киритмасликка ҳаракат қилмоқдалар, текширув ўтказиш баҳонасида паспортини олиб кетишган. Кейинроқ Порошенко Киев аеропортида паспорт назоратидан ўтиб, божхона зонасини тарк этган.
"Энди мени Украина фуқароси сифатида мамлакатга киритишга рухсат йўқ. Ўн дақиқадан кўпроқ вақт давомида чегарачилар мамлакат ҳудудида қандайдир текширув баҳонасида мени ҳеч қандай тушунтиришсиз киритмаяпти. Менимча, бу оммавий ҳаракатларга ундаш учун провокациядир”, деган Порошенко.
Порошенкони аэропортда унинг тарафдорлари кутиб олди.
Қайд этилишича, аэропорт биноси олдига мингга яқин одам тўпланган. Терминалга фақат бортга чиқиш талонлари йўловчилар, шунингдек, Порошенкони кутиб олиш учун аккредитациядан ўтган матбуот вакиллари киритилган. Аэропорт ҳудудида кўп сонли полиция ходимлари ва Миллий гвардия вакиллари бор.
Порошенко тарафдорлари қўлларида Украина байроқлари, шунингдек, собиқ президентнинг “Европа бирдамлик” партияси рамзларини кўтариб олган.
Аввалроқ, Порошенко Киевга 17 январь куни етиб боришини маълум қилганди. Шу куни Киевнинг Печерский туман суди мажлиси режалаштирилган бўлиб, унда собиқ президентни ҳибсга олиш ҳақидаги ариза кўриб чиқилади. Суднинг жорий йил 6 январдаги қарори билан собиқ президентнинг мол-мулкига тақиқ қўйилди. Порошенко ушбу суд мажлисида қатнашиш нияти борлигини тасдиқлади, бироқ ҳибсга олинмаслигига ишонч билдирди, чунки бунинг учун қонуний асослар йўқ. У ҳибсланса, биринчи навбатда “Украинанинг амалдаги Президенти Владимир Зеленскийга зарар келтираман”, деб ҳисоблайди.
Собиқ президент 2014-2015 йилларда Донбассдан кўмир етказиб бериш бўйича жиноий ишда айбланувчи ҳисобланади. Унга Украина Жиноят кодексининг “Терроризмни молиялаштириш”, “Давлатга хиёнат” ва “Террорчи ташкилот тузиш” моддалари бўйича иш қўзғатилган. Порошенкони мол-мулкини мусодара қилиш ёки мусодара қилмасдан 15 йилгача қамоқ жазоси тайинланиши кутмоқда. 2021 йил декабрь ойида терговчилар унга чақирув қоғозини бермоқчи бўлган, бироқ собиқ президент уларга эътибор бермай, ўша куниёқ Туркияга учиб кетган. Порошенконинг партияси собиқ президент “олдиндан режалаштирилган дипломатик сафари билан Туркия ва Польшага жўнаб кетганини” хабар қилган.