Полициячилар АҚШдаги тўполонда намойишчиларга ёрдам бергани ростми?

Олам 4184
image

Қўриқлаш хизмати ва полициячиларнинг тизимли муваффақиятсизлиги шарофати билан намойишчилар Конгресс биносига кириб келган, улар ҳатто тартибсизликнинг бир неча қатнашчиларига ёрдам ҳам берган. Бу ҳақда Огайо штатидан конгрессмен Тим Райан маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, тартибсизликлар туширилган баъзи видеолавҳаларда полиция ходимлари намойишчилар олдидаги тўсиқларни олаётгани ва улар билан селфига тушаётгани акс этган. Тим Райан ушбу хатти-ҳаракатни номақбул деб атаб, намойишчиларнинг аксарияти оқ танли бўлмаганида, ҳуқуқни муҳофаза қилиш орган ходимлари ўзини бошқача тутган бўлишини таъкидлаган.

“Биз барча видеоларни тўплаб, уларни таҳлил қиламиз. Сўнгра, хулоса чиқарамиз”, дейди конгрессмен.

Эслатиб ўтамиз, 6 январь куни Трамп тарафдорлари АҚШ Конгресси биносига бостириб кириб, 3 ноябрь куни мамлакатда бўлиб ўтган президентлик сайлов натижаларини тасдиқланишига тўсқинлик қилмоқчи бўлди. Тез орада полиция ва махсус кучлар Капитолий тепалигидаги Конгресс биносидан Трампни қўллаб-қувватловчи намойишчиларни чиқарди ва конгрессменлар Байденни сайланган Президент сифатида тасдиқлаш жараёнини муваффақиятли якунлади.

Сўнгги маълумотларга кўра, тартибсизликларда тўрт фуқаро ва бир полициячи ҳалок бўлган. Ундан ташқари, 68 дан ортиқ намойишчилар ҳибсга олинган.

Ушбу воқеалар фонида демократ конгрессменлар Трампни импичмент ёки конституцияга киритилган 25-ўзгартириш билан муддатидан олдин лавозимидан четлатишни талаб қилди.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 54
Рейтинг: 3
t
×