Дунёни тебратган ва тебранаётган АҚШ: Вашингтонга атрофдан назар

Таҳлил 6670
image

Кеча, 6 январь куни АҚШ Конгресси Президент сайлови натижаларини тасдиқлаши керак эди. Аввалроқ натижалар сайловчилар коллегияси томонидан эълон қилинган. Уларга кўра, Демократлар партиясидан номзод Жо Байденни 306 сайловчи, Трампни эса, 232 киши қўллаб-қувватлаган. Ғалаба қозониш учун 270 сайловчининг овози етарли. Натижалар аниқ. Трамп эса, бир неча бор алоҳида штатларда овоз бериш натижаларига шикоят қилишга уриниб кўрди.

6 январь куни тушдан кейин Трамп тарафдорлари АҚШ Конгресси олдида йиғилиб, мамлакатдаги сайловлар натижаларига норозилик билдирди. Кейинчалик намойишчилар Конгресс биносига бостириб кириб, Президент сайловлари натижаларини тасдиқлаши керак бўлган АҚШ парламентининг мажлисини бузди. Хавфсизлик кучлари бир неча соатдан сўнг намойишчиларни Капитолийдан сиқиб чиқаришга муваффақ бўлди. Уларнинг тарқалиши пайтида полиция кўздан ёш оқизувчи газ, таёқчалар ва ўқотар қуроллардан фойдаланган.

АҚШнинг сайланган Президенти Жо Байден Конгресс яқинида бўлаётган воқеаларни “қўзғолон” деб атади. Амалдаги Президент Дональд Трамп намойишчиларга мурожаат қилиб, улардан тинч намойиш ўтказишни сўради.

Воқеалар ривожи қандай бўлиши керак эди?

Қонунга кўра, АҚШ Конгрессининг иккала палатаси аъзолари (Сенат ва Вакиллар палатаси) 6 январь куни йиғилиб, сайлов натижаларини тасдиқлаши керак эди. Сессия маҳаллий вақт билан соат 13:00 да бошланиши керак бўлган. Ушбу йиғилишни Америка Қўшма Штатларининг вице-президенти, шунингдек, Сенат раиси бошқариши, айнан у мамлакатнинг кейинги Президентини эълон қилиши керак эди.

Режага кўра, 50 та штатнинг ҳар биридан ва пойтахтдан сайлов натижалари тўғрисидаги ҳужжатлар маҳобатли қутиларда Вакиллар Палатасига олиб келинади. Республикачилар ва Демократлар партиялари вакиллари натижаларни ўқиб чиқади. Натижалар эълон қилингандан сўнг, Конгресснинг ҳар қандай аъзоси сўзга чиқиши ва натижалардан рози эмаслигини эълон қилиши мумкин. Шикоятлар кўриб чиқиш учун улар ёзма равишда топширилиши керак. Ёзма эътирозлар келиб тушган тақдирда, конгрессменлар ўзларининг хоналарига тарқалади, у ерда тақдим этилган эътирозларни муҳокама қилади ва овоз беради. Натижага эътироз билдириш учун кўпчиликнинг овози керак бўлади.

Илгари ҳам муаммолар бўлганми?

Сайлов натижаларини тасдиқлаш АҚШ сайловлари натижаларини сарҳисоб қилишнинг якуний босқичидир. Аксарият ҳолларда ушбу процедура оддий расмиятчилик эди. 1887 йилдан бошлаб, ҳисоблаш қонуни қабул қилинганидан сўнг, натижага қарши чиқиш учун атиги учта уриниш бўлган (охирги марта 16 йил олдин). Кейинчалик, 2005 йил январь ойида Демократ сенатор Барбара Боксер ва шу партиядан конгрессмен Стефани Туббс Жонс Огайо штатида сайлов натижаларини тан олмаслик масаласини овозга қўйди. Сенатда ҳам, Вакиллар Палатасида ҳам кўпчилик уларнинг ташаббусини қўллаб-қувватламади. Натижада, иккала палата ҳам республикачи Жорж Бушнинг демократ Жон Керри устидан қозонган ғалабасини тан олди.

Нима учун бу сафар муаммолар мавжуд?

Амалдаги Президент Дональд Трамп сайлов кампанияси давомида овоз бериш пайтида содир этилган кўплаб қонунбузарликларга ишора қилди. Президентнинг асосий шикоятларидан бири бу коронавирус пандемияси туфайли ушбу сайловда рекорд қайд этган почта орқали овоз беришлар сони эди.

Ўтган йилнинг 3 ноябрь куни сайловчиларнинг овоз беришидан сўнг Трамп штаб-квартираси, Республикачилар партияси ва унинг тарафдорлари алоҳида штатларда бўлиб ўтган сайлов натижаларини бекор қилиш тўғрисида 60 га яқин даъво аризалари билан мурожаат қилди. Натижада, 6 январга қадар барча штатлар, шу жумладан республика губернаторлари бўлган штатлар олинган овоз бериш натижаларини қонуний деб тан олди.

Оммавий овоз бериш натижалари сайловларнинг иккинчи босқичида – 15 декабрь куни сайловчиларнинг овоз бериш вақтида қўллаб-қувватланди. Кейинчалик, сайловлар коллегиясининг бирорта ҳам аъзоси ўз штатида кўпчиликнинг иродасига қарши чиқмади. Шундан сўнг Трамп ўз тарафдорларини сайлов натижаларини ҳимоя қилишга чақирди. Капитолий ҳудудидаги воқеалар полиция назоратидан чиқиб кетгач, Трамп норозиларни уйларига кетишга чақирган мурожаат билан чиқди.

“Биз сизни севамиз. Сиз жудаям ўзига хоссиз... Мен ўзингизни қандай ҳис қилаётганингизни биламан, лекин уйингизга боринг” деди Трамп.

АҚШ ва дунё сиёсатчилари қандай муносабатда?

АҚШнинг собиқ президентлари бўлаётган воқеаларни қоралади. 

“Сайлов натижалари бизнинг демократик Республикамизда эмас, балки банан республикасида шундай тортишмоқда“, деб ёзган кичик Жорж Буш. 

Собиқ демократ президент Барак Обаманинг фикрига кўра, Вашингтондаги воқеалар “катта шармандалик” сифатида эсга олинади. Бунинг учун у Трамп ва сайловлар ҳақидаги “хаёлий ҳикояси” ҳақиқатдан узоқлашаётган республикачиларни айблади.

Қўшма Штатларнинг иттифоқчилари бўлган мамлакатлар раҳбарлари ҳам Вашингтондаги воқеаларни шарҳладилар. 

“Дунёдаги энг қадимги демократик давлатлардан бирида, амалдаги Президент тарафдорлари сайловларнинг қонуний натижаларига, битта одам, битта овознинг умумжаҳон ғоясига путур етказди” деди Франция Президенти Эммануэл Макрон.

Швеция Бош вазири Стефан Ловеннинг фикрича, Президент Трамп ва Конгресснинг кўплаб аъзолари содир бўлган воқеалар учун катта масъулиятни бўйнига олади. Европа Парламенти аъзоси ва Полша Ташқи ишлар вазирлигининг собиқ раҳбари Радослав Сикорский янада чуқур гапирган. Унинг фикрига кўра, Трампни ақлдан озган деб эълон қилиш ва уни ҳокимиятдан олиб ташлаш керак.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 139
Рейтинг: 3
t
×