Трамп муддатидан олдин президентликдан кетадими?

Олам

image

АҚШ Конгресси Вакиллар палатасидан 100 га яқин демократлар амалдаги Президент Дональд Трампни яқин кунларда лавозимдан четлатишни ёқламоқда. Бу ҳақда NBC телеканали хабар қилди.

Маълум қилинишича, конгрессменлар импичмент ёки АҚШ Конституциясига киритилган 25-тузатиш билан Трампни муддатидан олдин ишдан бўшатишни талаб қилмоқда. 1967 йилда кучга кирган ушбу тузатишга кўра, агар амалдаги раҳбар ўз вазифаларини бажара олмаса, вице-президент давлат раҳбари бўлади. Бунинг учун АҚШ вице-президенти Майкл Пенснинг розилиги керак. 

Телеканал маълумотларига кўра, ушбу имконият АҚШ маъмуриятининг бир қатор расмийлари билан муҳокама қилинган, аммо Пенснинг ўзи билан эмас.

Эслатиб ўтамиз, АҚШнинг сайланган Президенти Жозеф Байденнинг инаугурацияси жорий йилнинг 20 январь куни бўлиб ўтади.

Маълумот ўрнида, кеча, 6 январь куни Трамп тарафдорлари АҚШ Конгресси биносига бостириб кириб, 3 ноябрь куни мамлакатда бўлиб ўтган президентлик сайлов натижаларини тасдиқланишига тўсқинлик қилмоқчи бўлди. Тез орада полиция ва махсус кучлар Капитолий тепалигидаги Конгресс биносидан Трампни қўллаб-қувватловчи намойишчиларни чиқарди ва конгрессменлар Байденни сайланган Президент сифатида тасдиқлаш жараёнини муваффақиятли якунлади.

Сўнгги маълумотларга кўра, тартибсизликларда тўрт киши ҳалок бўлган ва 50 дан ортиқ намойишчилар ҳибсга олинган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Трамп Конгресс намойишлар

Баҳолаганлар

161

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг