Полициячи собиқ севгилиси ва унинг шеригини отиб ташлади
Олам
−
200 3 дақиқа
Австралиянинг Сидней шаҳрида 31 ёшли собиқ полиция ходими Бо Ламарр собиқ севгилиси, телебошловчи Жесси Бейрд ва унинг янги шериги Люк Дэвисни хизмат қуроли билан ўлдирганликда айбдор деб топилди. Икки ой давом этган суд жараёнида у қотилликларни бир неча ой олдин режалаштиргани аниқланган. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Маълумотларга кўра, 2024 йил февраль ойида жабрланувчиларнинг қон излари бўлган буюмлари Сиднейнинг Кронулла туманидаги қурилиш чиқиндилари контейнерида топилган. Бир неча кундан кейин эса қишлоқ ҳудудида уларнинг жасадлари аниқланган.
Жиноят содир бўлган куни эрталаб кузатув камералари мотокаска кийган ва овқат етказиб бериш сумкасини кўтарган эркакни жабрланувчилар уйи ташқарисида тахминан 20 дақиқа кутиб турганини тасвирга олган. У уйдан кетганидан бир неча дақиқа ўтиб, бошқа камерада ўқ овозлари қайд этилган.
Прокуратуранинг маълум қилишича, Ламарр уйга калит нусхаси орқали кирган. У аввал Бейрдни орқасидан, кейин эса ярадор ҳолда ётганида чаккасидан отган. Дэвис эса 911 рақамига қўнғироқ қилишга уринаётган пайтда отиб ўлдирилган. Прокурор Бретт Ҳетфилд бу воқеани олдиндан режалаштирилган қотиллик деб атаган.
Ламарр эса уйга ўз буюмларини, жумладан, 25 минг Австралия долларига баҳоланган узукни олиш учун борганини айтган. У таниб қолмасликлари учун кийимини алмаштирганини ва икки киши алоҳида жанжаллар оқибатида ҳалок бўлганини даъво қилган.
Судда намойиш этилган видеоларда Ламаррнинг дўкондан серфинг тахтаси учун мўлжалланган қоплама сотиб олгани акс этган. Қотилликдан кейин у гилам, оқартирувчи восита ва чиқинди пакетларини ҳам харид қилган.
У жасадларни қоплама ва брезентга ўраб, ҳовлида қолдирган. Кейин уларни ижарага олинган микроавтобусда икки кун давомида олиб юрган. Ламарр жасадларни Сиднейдан 200 километр узоқликдаги ҳудудга олиб бориб, ферма ҳовузига ташлашга уринган. Охир-оқибат уларни монастир яқинида қолдирган.
Гувоҳларнинг айтишича, Бейрд ва Ламарр 2022 йил октябрь ойида танишган, аммо кейинчалик муносабатларини тугатган. Шундан сўнг, Ламарр бир неча бор Бейрднинг уйига яширинча кирган, телефонидаги контактларни ўчирган ва унинг жойлашувини кузатишга уринган.
Судда собиқ дўстлари ва ҳамкасблари Ламарр улардан телефон сигналлари ҳамда қуролларни қаердан олиш мумкинлиги ҳақида сўраганини билдирган. Гувоҳлардан бири эса у ҳатто жасадни яширишда ёрдам бера оласизми, деб сўраганини айтган.
Ламарр 2024 йил 23 февраль куни полицияга ўзини топширган. Унинг ўзини ҳимоя қилиш мақсадида ҳаракат қилгани ҳақидаги важлари судьялар ҳайъати томонидан рад этилган. Унга нисбатан жазо март ойида белгиланади. Собиқ полиция ходими умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг Флорида штатида эркак уч нафар фарзанди ҳамда хотинини отиб ўлдириб, кейин ўз жонига қасд қилганлиги ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси