Самарқандда севгилисини ўлдирган эркак 17 йилга қамалди
3-саҳифа
−
14 Октябрь
9028Самарқанд вилоятида севгилисини ўлдирган 28 ёшли эркак 17 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда “Сукут сақлама” лойиҳаси хабар берди.
Қайд этилишича, 1996 йилда туғилган Б.Э. жабрланувчи Р. билан унаштирилган. Улар 2023 йилда Telegram тармоғида танишган, тез орада уларнинг дўстона ёзишмалари севги ёзишмаларига айланган. Шундан сўнг улар учрашишга қарор қилган. Охир-оқибатда севишганлар унаштирилган.
Б.Э. бўлажак турмуш ўртоғини рашк қилиб, назоратда сақлашга, доимо кўз ўнгида ушлаб туришга ҳаракат қилган. Аёл эса бундан норози бўлган.
Рашк ортидан келиб чиққан доимий жанжал туфайли Р. муносабатларни бузишдан сўз очган, бу эса эркакни ғазаблантирган. Шунда эркак бўлажак турмуш ўртоғига ўлдириш билан таҳдид қилиб, жисмоний зўравонлик ишлатган ва уни таъқиб қилган.
Эркак қотилликка жиддий тайёргарлик кўрган. У Самарқанд шаҳридаги “Сиёб” бозоридан ошхона пичоғи сотиб олган. 2023 йил 7 апрель куни Б.Э. қизнинг уйига келган ва уни уйдан узоқроққа олиб кетган. Эркак олдиндан яшириб қўйган пичоқ билан қизнинг қорни ва сон қисмига бир нечта жароҳатлар етказган. Аёл қочишга ҳаракат қилганда Б.Э. янада ғазабланган ва у унинг қўллари ва бел қисмига бир неча марта пичоқ санчган.
Р. шифохонага етиб келгунча йўлда вафот этган. Жиноят содир этганидан кейин эркак ички ишлар органларига бориб, қилмишига иқрор бўлган.
Судда Б.Э. ўз айбига тўлиқ иқрор бўлиб, бу қилмишига аёлнинг ўзи айбдорлигини, қўнғироқларига жавоб бермагани, унга эътибор бермай, уни ташлаб кетмоқчи бўлганини айтиб, жазони енгиллаштиришни сўраган.
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд туман суди 2024 йил 13 сентябрда Б.Э.ни Жиноят кодексининг 112-моддаси (Ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) 1-қисми, шунингдек, 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 2-қисми “г” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топди ва 17 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини умумий режимли колонияда ўташга ҳукм қилди.
LiveБарчаси