Покистондаги портлашда полициячилар ҳалок бўлди
Олам
−
12 Декабрь 2023
3467Покистоннинг Хайбер-Пахтунхва вилояти шимоли-ғарбидаги полиция бўлимида юз берган портлашда камида тўрт нафар хавфсизлик кучлари ҳалок бўлди, бир неча киши жароҳатланди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Маълумотларга кўра, айни вилоятнинг Дера Исмоил Хон туманида содир этилган навбатдаги теракт оқибатида яна 28 киши турли даражадаги оғирликдаги жароҳатлар олган.
Ҳодисалар учун жавобгарликни тақиқланган “Теҳрик-э-Толибон Покистон” террорчилик гуруҳи (ТТП, “Толибон” ҳаракатининг Покистондаги бўлими) ўз зиммасига олган.
Айтишларича, ТТП Афғонистон томонидан кенг кўламда қўллаб-қувватланади.
2022 йил декабрида Покистон ҳукумати ва ТТП ўртасида террорчилик ҳужумларини тўхтатиш бўйича музокаралар боши берк кўчага етди ва тўхтаб қолди. Покистон Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 2021 йил августидан, яъни, Толибон Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритганидан буён Покистондаги терактлар сони 60 фоизга ошиб, 420 тага етган. Худкуш-террорчилар иштирокидаги терактлар сони эса 500 фоизга ошиб, 141 тага етган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг апрель ойида Хайбер-Пахтунхва вилоятининг Сват туманида теракт содир бўлган ва оқибатда саккиз нафар полициячи ҳалок бўлиб, яна 57 киши жароҳатланганди. Июль ойида яна шу вилоятда портлаш содир бўлиши оқибатда 40 дан ортиқ одам ҳалок бўлганди. Бунинг учун жавобгарликни ИШИД ўз зиммасига олганди. Сентябрда ҳам вилоятда ҳарбий карвонга уюштирилган теракт оқибатида мамлакат армиясининг тўққиз нафар аскари ҳалок бўлди, беш нафари яраланди. 29 сентябрь куни вилоятнинг Ҳангу шаҳридаги масжидда портлаш бўлди. 4 ноябрь куни эса олти нафар жангари Покистон шимоли-шарқидаги Панжоб вилоятида жойлашган Мианвали шаҳри яқинидаги ҳарбий-ҳаво кучлари ўқув базасига ҳужум қилиб, учта самолётга зарар етказди.
LiveБарчаси