Покистонда масжид портлади

Олам

image

Бугун, 29 сентябрь куни Покистоннинг Хайбер-Пактхунхва провинциясидаги масжидда портлаш бўлди. Бу ҳақда “Dawn” хабар берди.

Полиция маълумотларига кўра, провинциянинг Ҳангу шаҳрида содир бўлган иккита портлаш оқибатида камида тўрт киши, жумладан, бир полициячи ҳалок бўлган.

Полиция ходими Нисар Аҳмаднинг билдиришича, биринчи портлаш полиция бўлимига кираверишда содир бўлган. Шундан сўнг, кўплаб одамлар воқеа жойига тўпланган. Бир неча дақиқадан сўнг полиция бўлими ҳудудида жойлашган масжидда яна портлаш бўлган.

Нисар Аҳмад иккинчи портлаш жума хутбаси вақтида содир бўлганини айтган. 

“Портлаш таъсирида масжиднинг томи қулаб тушди”, дея маълум қилган расмий.

Билдирилишича, вайроналар остида 30-40 га яқин одам қолиб кетган. Жасадлар ва ярадорларни олиб чиқиш учун оғир техника жалб қилинган.

Ҳозирча ҳеч қандай террор ташкилот ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олгани йўқ.

Воқеага гувоҳ бўлган Шоҳид Хон Замоннинг айтишича, портлаш вақтида масжид ичида тахминан 60-70 киши бўлган.

Унинг сўзларига кўра, худкуш-террорчи гумон қилинувчи масжид дарвозасидан ичкарига киришга уринган, бироқ полициянинг қаршилиги кўпчиликнинг бинони тарк этишига имкон берган. Унинг қўшимча қилишича, иккинчи худкуш ўзини масжид ичида портлатган.

Бундан ташқари, ғарбий Балужистон вилоятидаги Мастунг шаҳридаги масжидда ҳам портлаш содир бўлган. Охирги маълумотларга кўра, у ерда 52 киши ҳалок бўлган, яна 50 киши яраланган.

Портлаш одамлар масжидга Мавлуд байрами (Муҳаммад пайғамбарнинг таваллуд куни) ни нишонлаш  учун тўпланган бир вақтда содир бўлган. Расмийлар буни худкуш террорчи томонидан амалга оширилган, деб ҳисобламоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

масжид портлаш Покистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made