Покистон муваққат бош вазири ҳам Тошкентга келди
Жамият
−
08 Ноябрь 2023
4234Покистон муваққат ҳукумати раҳбари Анвар ул-Ҳақ Какар жорий йилнинг 8-9 ноябрь кунлари Ўзбекистонда ўтказиладиган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) ўн олтинчи саммитида иштирок этиш учун Тошкентга келди.
Тошкент халқаро аэропортида Анвар ул-Ҳақ Какарни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва бошқа расмийлар кутиб олди.
Шундан сўнг, юқори мартабали меҳмон ўзи учун ажратилган қароргоҳга жўнаб кетган.
Маълумот учун, 8-9 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ИҲТнинг ўн олтинчи саммити бўлиб ўтади. Тадбирда Озарбайжон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон, Тожикистон, Туркманистон ва Туркиянинг давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирок этади.
Кун тартибига мувофиқ, ИҲТ доирасида савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникациявий ва гуманитар ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳамда ушбу кўп томонлама тузилма фаолиятини такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилади.
Саммит дастури доирасида Ўзбекистон етакчиси қатор икки томонлама учрашувлар ўтказади.
Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига 1985 йилда асос солинган, унинг доимий фаолият юритувчи котибияти Теҳрон шаҳрида жойлашган. Ўзбекистон Республикаси 1992 йилдан бошлаб ИҲТ аъзосидир. Ушбу ташкилотнинг охирги саммити 2021 йилнинг ноябрь ойида Туркманистонда бўлиб ўтган эди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида қатнашиш учун АҚШга борганида Покистон муваққат бош вазири Анвар ул-Ҳақ Какар билан ҳам музокара ўтказганди.
LiveБарчаси