Пешку туманига янги ҳоким тайинланди

Жамият

image

Анвар Ашурович Ҳамроев Бухоро вилоятининг Пешку туманига ҳоким этиб тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлигининг матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, бугун, 21 август куни Халқ депутатлари Пешку тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтган. Сессияда халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари, туман ҳокимининг ўринбосарлари, ҳудуд фаоллари иштирок этган.  

Маълум қилинишича, Сессияда ташкилий масала ҳам кўрилган. Унда вилоят ҳокими Ботир Зарипов Ҳаёт Ҳасанович Давлатовнинг Бухоро вилояти ҳокимининг қурилиш, тўсиқларсиз муҳит яратиш, коммуникацияларни ривожлантириш, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланганлиги муносабати билан уни Пешку тумани ҳокими лавозимидан озод этиш тўғрисидаги қарорни ўқиб эшиттирган. Ушбу масала овозга қўйилиб, депутатлар томонидан тасдиқланган. 

Шунингдек, Ботир Зарипов 2020 йилдан бери вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган Анвар Ашурович Ҳамроев номзодини Пешку тумани ҳокими этиб тайинлаш тўғрисидаги вилоят ҳокимининг қарорини ўқиб эшиттирган. 

Маълумот учун, Анвар Ҳамроев 1978 йилда Бухоро туманида туғилган. 1997 йилда Бухоро кооператив техникумини ва 2003 йилда Бухоро давлат университетини битирган. У мутахассислиги бўйича молиячи ва иқтисодчи ҳисобланади. 

Ҳамроев меҳнат фаолиятини Бухоро тумани статистика бўлими мутахассиси лавозимида бошлаб, Бухоро тумани бандликка кўмаклашиш маркази директори, Когон тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари, вилоят ҳокимлиги бошқарув аппарати котибият мудири лавозимларида ишлаган. 

Билдирилишича, туман Кенгаши депутатлари томонидан Анвар Ҳамроев Пешку тумани ҳокими этиб тасдиқланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёевнинг тегишли қарори билан полковник Темур Камолиддинович Исмоилов Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари – Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи лавозимига тайинланганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг