Пентагон сунъий интеллектнинг назоратга олинмаганидан хавотирда
Олам
−
30 Сентябрь 2023
4621АҚШ Мудофаа вазирлиги сунъий интеллектни бошқаришда қўлланиладиган технологиялар ҳақида кўпроқ маълумотга муҳтож. Шу сабабли, Пентагон сунъий интеллект ишлаб чиқувчиларини шаффоф бўлишга чақиради. Бу ҳақда кеча, 29 сентябрь куни АҚШ Мудофаа вазирлигининг рақамли технологиялар ва сунъий интеллект бўлими бошлиғи Крейг Мартелл “Bloomberg” агентлигига берган интервьюсида айтиб ўтди.
“Биз фақат моделларни қуришнинг якуний натижасини оламиз, бу етарли эмас”, дея тушунтиради Мартелл.
У сунъий интеллект ишида қўлланиладиган катта тил моделларини “топилган ўзга сайёраликлар технологиялари” билан таққослаган. Пентагон расмийси ушбу моделларнинг тузилиши ва улар ишлатадиган маълумотлар ҳақида ҳеч қандай тушунчага эга эмаслигини билдирган.
Унинг қўшимча қилишича, компаниялар ўз тизимлари сабаб бўлиши мумкин бўлган таҳдидлар ҳақида маълумот бермаяпти.
“Улар ҳукуматга кашфиётларининг қурилиши ҳақида батафсилроқ тушунча беришни исташмайди. Ҳаттоки, сунъий идрокка асосланган янгиликларининг зарарли ва манфаатли томонларини ҳам яширишади”, дея вазиятни изоҳлаган Мартелл.
“Пентагон хусусий сектордан кўра янги технологиялардан фойдаланишда эҳтиёткорроқ бўлиши керак. Биз катта тил моделларини тўхтатмоқчи эмасмиз. Фақат улардан қандай фойдаланилгани, ижобий жиҳати, потенциал хавф-хатарлари ва уларга қарши қандай курашиш кераклиги ҳақида билимга эга бўлмоқчимиз”, деган у.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Германиянинг Фюрт шаҳридаги Лютеран черковида ChatGPT сунъий интеллекти ваъз ўқиганди. Уни тинглаш учун уч юздан ортиқ диндорлар йиғилди. Сеулда эса EveR 6 номли андроид робот Жанубий Корея миллий оркестри концертида дирижёрлик қилди. Данияда ChatGPT сунъий интеллекти сиёсатга аралашди. Бош вазири Метте Фредериксеннинг парламентдаги нутқини ChatGPT ёзиб берди. АҚШ армияси томонидан ўтказилган симуляцион синовлар пайтида сунъий интеллект томонидан бошқариладиган ҳарбий дрон операторни ўлдирмоқчи ҳам бўлган. OpenAI ва Google Deepmind каби технологик компанияларнинг бир гуруҳ раҳбарлари ва олимлари апокалиптик огоҳлантириш билан чиққанди. Улар сунъий интеллект инсониятнинг йўқ бўлиб кетишига олиб келиши мумкин, деган фикрни илгари сурган.
LiveБарчаси