Сунъий интеллект бошқарувидаги ҳарбий дрон ўз операторини ўлдирмоқчи бўлди
Олам
−
02 Июнь 2023
14518АҚШ армияси томонидан ўтказилган симуляцион синовлар пайтида сунъий интеллект томонидан бошқариладиган ҳарбий дрон операторни ўлдирмоқчи бўлди. Бу ҳақда Британия Қироллик авиация жамияти блогида хабар берилди.
Маълум қилинишича, сунъий интеллект дрони берилаётган буйруқлар кетма-кетлиги ёқмагани учун оператор томонга учиб, уни ўлдиришга уринган. Ҳарбий дрон ўз миссиясини бекор қила оладиган одамни ўлдирмаслик учун қайта дастурлаштирилган бўлишига қарамай, буйруқларни узатувчи алоқа минорасини ўққа тутган.
Лондонда жорий йилнинг 23-24 май кунлари бўлиб ўтган Қироллик авиация жамиятининг Келажакдаги жанговар ҳаво ва космик имкониятлар саммитида нутқ сўзлаган Такер Ҳемилтоннинг айтишича, сунъий интеллект мақсадга эришиш учун кутилмаган стратегияларни қўллайди ва шу сабабли унга ишониш мумкин эмас. Унинг айтишича, симуляцион синов вақтида сунъий интеллектга операторни ўлдирмаслиги кераклиги, аск ҳолда очко йўқотиши мумкинлиги етказилган. Аммо нейротармоқ унга буюруқлар бериб турувчи оператор жойлашган алоқа минорасини ўққа тута бошлаган. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким зарар кўрмаган.
Бироқ, АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари вакили Энн Стефанек “Insider” нашрига берган интервьюсида бундай синов ўтказилганини рад этган.
“Ҳарбий ҳаво кучлари департаменти бундай сунъий интеллект дрони симуляцияларини ўтказмаган ва сунъий интеллект технологиясидан ахлоқий ва масъулиятли тарзда фойдаланишга содиқ қолади. Афтидан полковникнинг изоҳи контексдан юлиб олинган ва ҳазил бўлиши керак”, деган Стефанек.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Билл Гейтс Илон Маскнинг сунъий интеллект бўйича тадқиқотларни олти ойга тўхтатиб туриш ҳақидаги таклифига қарши чиқиб, ушбу технология тўғри йўлда фойдаланилса ундан катта фойда олиш мумкинлигини айтганди. Бироқ яқинда “сунъий интеллектнинг чўқинтирган отаси” сифатида танилган Жеффри Хинтон ундан келадиган хавф-хатарлар ҳақида маълумот берганди. Хинтон сунъий интеллект инсоният учун иқлим ўзгаришидан кўра жиддийроқ хавф туғдириши мумкинлигини таъкидлаган.
“Мен иқлим ўзгаришини қадрсизлантирмоқчи эмасман. Иқлим ўзгариши ҳақида қайғурманг, демоқчи эмасман. У ҳам катта хавф. Лекин, менимча, буниси шошилинчроқ бўлиши мумкин. Иқлим ўзгаришига қарши нима қилиш кераклигини тавсия этиш жуда осон – сиз шунчаки углерод ёқишни тўхтатасиз. Агар шундай қилсангиз, охир-оқибат ҳаммаси яхши бўлади. Бунинг учун нима қилиш кераклиги эса аниқ эмас”, дейди у.
Хинтонга кўра, сунъий интеллект аллақачон фикрлаш борасида инсонни ортда қолдириб бўлган бўлиши мумкин. У бундай технология Путин каби “ёмон актёрлар” томонидан ёвуз мақсадларда қўлланиши мумкинлигидан хавотир билдирган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь