Сунъий интеллектдан ҳарбий соҳада фойдаланиш таклиф қилинди
Олам
−
10 Сентябрь
2408Жанубий Корея пойтахти Сеулда бўлиб ўтган “Ҳарбий соҳада сунъий интеллектдан масъулиятли фойдаланиш” (REAIM) глобал саммитида сунъий интеллект технологияларини ҳарбий қўллаш бўйича йўл харитаси тақдим этилди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Нашрга кўра, тақдим этилган ҳужжат қонуний кучга эга эмас. Лекин 2023 йил Амстердамда бўлиб ўтган REAIM саммитида қабул қилинган режадан кўра “кўпроқ ҳаракатга чақириқ” сифатида қайд этилган. Шунингдек, баъзи кучлар, жумладан, террористик гуруҳларнинг сунъий интеллектдан оммавий қирғин қуролларини кўпайтириш учун фойдаланишига йўл қўймаслик зарурлиги, шунингдек, ушбу технология устидан инсон назоратини сақлаб қолиш муҳимлиги маълум қилинган.
Қайд этилишича, Жанубий Корея саммитида сунъий интеллектдан фойдаланиш хавфини муҳокама қилишда олға силжиш бор. Шунингдек, янги ишланмалар, жумладан, Украина дронларини ушбу технология билан жиҳозлаш режалаштирилган.
“Биз яна аниқ қадамлар ташлаяпмиз. Ўтган йилги REAIM саммити кўпроқ ўзаро бир-биримизни тушунишга қаратилган эди, энди эса ҳаракатга ўтяпмиз”, дейди Нидерландия Мудофаа вазири Рубен Брекельманс.
Нашрнинг ёзишича, тадбирда иштирок этган 96 давлатдан нечтаси режанинг қабул қилинишини қўллаб-қувватлагани номаълумлигича қолмоқда. Бироқ улардан 60 га яқин давлат мудофаада сунъий интеллектдан фойдаланиш бўйича “ҳаракатга чақирув” бўладиган, аммо мажбурий бўлмаган ҳужжат ишлаб чиқишни аввалроқ маъқуллаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Ташқи разведка хизмати директори Сергей Наришкин АҚШ разведка агентликлари сунъий интеллектдан уни қўлловчи давлатларга қарши восита сифатида фойдаланишини айтганди.
LiveБарчаси