Олимлар ваҳима қилмоқда: Сунъий интеллект инсониятнинг йўқ бўлиб кетишига олиб келади
Технология
−
06 Июнь 2023
15798OpenAI ва Google Deepmind каби технологик компанияларнинг бир гуруҳ раҳбарлари ва олимлари апокалиптик огоҳлантириш билан чиқди. Улар сунъий интеллект инсониятнинг йўқ бўлиб кетишига олиб келиши мумкин, деган фикрни илгари сурмоқда. Бу ҳақда AI хавфсизлик маркази эълон қилган баёнотга таяниб, BBC хабар берди.
“Сунъий интеллектнинг ривожланиши туфайли инсониятнинг йўқ бўлиб кетиш хавфини камайтириш пандемия ва ядро уруши каби бошқа хавфлар билан бир қаторда глобал устувор вазифага айланиши керак”, дейилади баёнотда.
Мазкур баёнот 350 дан ортиқ сунъий интеллект етакчилари, тадқиқотчилари ва муҳандислари, жумладан, OpenAI'дан Сем Алтман, Google Deepmind'дан Демис Хассабис ва Anthropic'дан Дарио Амодеи томонидан имзоланган.
Ҳужжатни нейрон тармоқлардаги ишлари учун “Turing” мукофоти совриндорлари Жеффри Хинтон ва Жошуа Бенгио ҳам имзолаган (уларни "сунъий интеллектнинг чўқинтирган оталари" деб аташади. Май ойи бошида Хинтон этикага эътибор бермасдан технологиянинг эҳтимолий зарарлари ҳақида эркин гапира олиши учун Google'даги лавозимидан истеъфога чиққан).
Аммо сунъий интеллект бўйича барча мутахассислар ҳам ушбу хавотирларни асосли деб ҳисобламайди. Нашрнинг ёзишича, Meta корпорацияси вице-президенти ва AI бўйича етакчи тадқиқотчиси Янг ЛеКун уларни қўпол огоҳлантириш бўйича баёнотларни “ўта бўрттирилган” деб ҳисоблайди.
“Менимча, сунъий интеллектни инсон ақли билан тенглаштириш муаммоси кўлами ошириб юборилган ва бизнинг уни ҳал қилиш қобилиятимиз етарли даражада баҳоланмаган”, дейди Янг ЛеКун.
Унинг фикрига айрим экспертлар ҳам қўшилади, улар AI'дан қўрқиш тўғри иш эмас ҳамда эътиборни ҳақиқий муаммолардан чалғитиб қўяди, деб ҳисоблайди.
Қайд этиш жоиз, AI хавфсизлик маркази веб-сайтида эълон қилинган баёнот бундай турдаги биринчи огоҳлантириш эмас. Шунингдек, жорий йилнинг март ойида сунъий интеллектни ривожлантириш соҳасидаги етакчи шахслар, жумладан, Илон Маск ва Apple асосчиларидан бири Стив Возняк ишончли хавфсизлик протоколлари ишлаб чиқилмагунча ва қўлланилмагунча, сунъий интеллект тадқиқотларини секинлаштиришга чақирган эди.
Эслатиб ўтамиз, инсоният билан боғлиқлик тарафлари кўпайиб бораётгани бўйича БМТ хавотир билдириб, матн ёки тасвирларни яратишга қодир сунъий интеллект инсоният учун катта хавф туғдириши, ҳукуматлар ва компаниялар ундан фойдаланишда жуда эҳтиёт бўлишлари кераклиги бўйича огоҳлантириш билан чиққанди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь