Павел Дуров террорчилик айблови билан халқаро қидирувга берилди
Олам
−
29 июл 2938 2 дақиқа
Telegram асосчиси Павел Дуров Россияда террорчилик фаолиятига кўмаклашишда гумон қилиниб, халқаро қидирувга берилди. Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) Дуровга нисбатан “Дайвинчик” танишув сервиси орқали тайёрлангани айтилган ҳужумлар билан боғлиқ айбловларни ҳам илгари сурган. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.
Маълумотларга кўра, Telegram маъмурияти Россияда тақиқланган фаолиятда фойдаланилган айрим каналлар, чатлар ва ботларни ўчирмаган. Россия томони ушбу платформалардан Украина махсус хизматлари томонидан қўпорувчилик ва террорчилик ҳаракатларини тайёрлашда фойдаланилганини даъво қилмоқда.
Хусусан, ФХХ маълумотида “Дайвинчик” танишув сервиси алоҳида тилга олинган. Россия махсус хизмати даъвосига кўра, мазкур бот орқали Украина махсус хизматлари ходимлари қизлар номидан россиялик ёшлар билан танишган, уларни йирик савдо марказлари ёки ижтимоий аҳамиятга эга объектлар яқинига учрашувга чақирган. Шунингдек, ушбу шахслар кейинчалик турли ҳужумлар ва қўпорувчилик ҳаракатларига жалб қилинганини таъкидлаган.
ФХХ маълумотида айтилишича, айрим фуқаролар сохта ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари сифатида таништирилган шахслар томонидан психологик босим остида қолган. Шундан сўнг улардан ҳужумлар ва ёнғинлар уюштиришда фойдаланилгани таъкидланган.
Россия махсус хизматлари маълумотига кўра, Telegram платформасидаги мазкур фаолият сабаб Дуровга нисбатан айблов илгари сурилган.
Қайд этилишича, Дуровга нисбатан Россия Жиноят кодексининг 205.1-моддаси 1.1-қисми (террорчилик фаолиятига кўмаклашиш) бўйича айблов эълон қилинган.
Ҳозирча Павел Дуров томони ёки Telegram маъмурияти ушбу айбловлар юзасидан расмий муносабат билдиргани ҳақида маълумот йўқ.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Telegram асосчиси ва раҳбари Павел Дуров Францияда мессенжернинг жиноий фаолиятларга эҳтимолий шериклиги юзасидан олиб борилаётган тергов доирасида яна судялар томонидан сўроқ қилингани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси