Пастдагиларга бўлаверади! Еврокомиссия кондиционер сабаб феодализмда айбланди
Олам
−
27 июн 3894 2 дақиқа
Европани қамраб олган иссиқ тўлқини пайтида Европа Комиссиясининг Брюсселдаги бош қароргоҳида қуйи қаватлардаги кондиционерлар ўчирилиб, юқори лавозимли амалдорлар жойлашган қаватлардагилари эса ишлашда давом этгани танқидларга сабаб бўлди. Бу ҳақда “Politico” нашри хабар берди.
Нашрнинг Брюсселдаги манбаси маълумотига кўра, Европа Комиссияси ходимларига юборилган хабарда фавқулодда иссиқ об-ҳаво туфайли Берлаймонт биносининг 1-қаватидан 7-қаватигача бўлган ҳудудда совитиш тизими куннинг қолган қисми учун мажбурий равишда ўчирилгани айтилган. Бу қарорга совитиш тизимининг ортиқча юкланиши сабаб қилиб кўрсатилган.
“Politico” нашрига исмини ошкор этмаслик шарти билан гапирган Европа Комиссияси ходимларидан бири юқори қаватларда, яъни комиссарлар ва юқори мансабдорлар ишлайдиган жойларда кондиционерлар ишлашда давом этганини айтган.
“Бу худди феодализмга ўхшайди”, деган у.
Яна бир Европа Комиссияси ходими бу ҳолатни “уятли” деб баҳолаган. 8-қаватда ишлайдиган учинчи ходим эса кондиционер ишлаётганига қарамай, унинг офисида ҳарорат 25,7 даража бўлганини маълум қилган.
Қайд этилишича, 13 қаватли Берлаймонт биносининг 13-қаватида Европа Комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйеннинг иш кабинети жойлашган. Шунингдек, Европа Комиссиясининг 26 нафар комиссари, бош директорлар ва бошқа юқори лавозимли амалдорларнинг аксарият офислари ҳам 8-қават ва ундан юқорида жойлашган.
Маълумот учун, Белгияда, Европа Иттифоқининг асосий институтлари бинолари жойлашган ҳудудда, кеча, 26 июнь куни 2026 йилнинг энг юқори ҳарорати қайд этилган. Белгия Қироллик метеорология институтининг маълум қилишича, Уккелдаги расмий кузатув станциясида ҳаво ҳарорати 35,3 даражага етган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 1947 йилдан буён юритиб келинаётган метеорологик кузатувлар тарихида Францияда 23, 24 ва 25 июнь кунлари энг иссиқ уч кун сифатида қайд этилган эди.
Live
Барчаси