Пашинян Озарбайжон билан чегарада ҳарбийларнинг ҳибсга олинганига изоҳ берди
Олам
−
27 Май 2021
6471Арманистон Бош вазири вазифасини бажарувчи Никол Пашинян Озарбайжон билан чегарадаги вазиятни барқарорлаштириш учун барча имкониятлардан фойдаланиш зарурлигини билдирди. У бу ҳақда ҳукумат йиғилишида айтиб ўтган.
Сиёсатчи чегарада содир бўлаётган воқеалар Озарбайжон томонидан халқаро ҳуқуқнинг қўпол равишда бузилиши эканлигини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, Арманистон вазиятни тартибга солиш учун барча нарсадан, шу жумладан халқаро воситалардан фойдаланиши керак.
Аввалроқ, Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Арманистон қуролли кучларининг разведка-қўпорувчилик гуруҳини Озарбайжон ҳудудига кўчиришга урингани ҳақида эълон қилиб, олти нафар арманистонлик ҳарбий қўлга олинганини айтганди.
Эслатиб ўтамиз, Арманистон Бош вазири вазифасини бажарувчи Никол Пашинян озар-арман чегарасида кескинликнинг кучайиши тенденцияси кузатилаётганини, чегаранинг айрим участкаларида Озарбайжон Қуролли кучлари ўзини тажовузкор тутаётганини иддао қилиб чиққанди.
Пашинян Озарбайжон аскарлари мамлакатни тарк этиши учун Россия Президенти Владимир Путиндан ҳарбий ёрдам сўраганди. Шунингдек, Франция Президенти Эммануэль Макрон ўзининг Facebook’даги саҳифасида Озарбайжон қўшинларини Арманистон ҳудудидан олиб чиқиш зарурлигини таъкидлаганди.
Ўз навбатида расмий Баку Ташқи ишлар вазирлиги Ереваннинг Озарбайжон-Арманистон чегарасини мувофиқлаштириш жараёнларига муносабатини номуносиб деб баҳолади ва Арманистон расмийларини сайлов арафасида вазиятдан ички сиёсий мақсадларида фойдаланмасликка чақирди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь