Пашинян КХШТ саммитида қатнашмайди
Олам
−
27 Ноябрь
2108Арманистон Бош вазири Никол Пашинян эртага, 28 ноябрь куни Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида бўлиб ўтадиган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти саммитида қатнашмоқчи эмас. Бу ҳақда Арманистон ҳукумати раисининг матбуот котиби Назели Багдасарян хабар берди.
“Арманистон Республикасининг КХШТ фаолиятидаги иштирокини музлатиш бўйича позицияси ўзгармади”, деди у.
Аввалроқ Ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян ҳам худди шундай қарорни эълон қилган эди.
“Пашинян КХШТ Арманистон хавфсизлиги, унинг келажакдаги мавжудлиги ва суверенитетига таҳдид солмоқда”, деб таъкидлаган эди вазир.
Унинг сўзларига кўра, ташкилотнинг икки давлати 2020 йилда Қорабоғдаги ҳарбий амалиётлар вақтида Озарбайжонга ёрдам берган.
КХШТ давлатлари раҳбарлари эртага, 28 ноябрь куни Остонадаги саммитда ҳарбий-сиёсий вазиятни муҳокама қилади ва бир қанча ҳужжатларни кўриб чиқади.
“КХШТга аъзо давлатлар раҳбарларининг сўнгги учрашувидан буён ўтган давр мобайнида батафсил муҳокама қилишни талаб қилувчи кўплаб масалалар тўпланиб қолди. Аввало, коллектив хавфсизлик минтақалари ва уларнинг чегараларидаги ҳарбий-сиёсий вазият юзасидан фикр алмашиш кўзда тутилган. Мамлакатларимиз раҳбарлари ўтган даврдаги қўшма ишлар натижаларини баҳолайди, келгусидаги ҳамкорлик йўналишларини белгилаб беради”, дейди КХШТ Бош котиби Имангали Тасмагамбетов.
У Коллектив Хавфсизлик Кенгаши кўриб чиқиш учун тақдим этилган ҳужжатлар орасида, айниқса, КХШТнинг тожик-афғон чегарасини мустаҳкамлаш бўйича Давлатлараро мақсадли дастури лойиҳасини алоҳида таъкидлади.
Тасмагамбетовнинг сўзларига кўра, Афғонистон ҳудудида жамоавий хавфсизликка жиддий таҳдид ва чақириқлар манбалари сақланиб қолмоқда ва таклиф этилаётган чора-тадбирлар мажмуаси КХШТга аъзо давлатларни улардан сезиларли даражада юқорироқ ҳимоя даражасини таъминлашга қаратилган.
“Шунингдек, Қирғизистон Республикаси 2025 йилда ташкилотга раислик қилишнинг устувор йўналишлари ҳақида маълумот бериши режалаштирилган”, деб қўшимча қилди у.
КХШТга Россия, Қозоғистон, Беларусь, Арманистон, Қирғизистон ва Тожикистон давлатлари киради.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил ёзда Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти Ташқи ишлар раҳбарлари кенгашининг Қозоғистонда бўлиб ўтадиган мажлисида ҳам Арманистон Ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян қатнашмаганди. Арманистон Бош вазири Никол Пашинян 2024 йил февраль ойида мамлакатнинг КХШТдаги иштироки музлатилганини эълон қилганди. Март ойида у агар Ереван иттифоқдошларининг Арманистон суверен ҳудуди қаерда жойлашгани ва КХШТ масъулият зонаси қаерда эканлиги ҳақидаги қарашларидан қониқмаса, иттифоқдан чиқишга рухсат берган.