Пашинян чиқмаган жондан умид қиляпти. У Минск гуруҳини “жонлантирмоқчи”
Олам
−
10 Сентябрь 2022
5238Арманистон Бош вазири Никол Пашинян бугун, 10 сентябрь куни Ереванда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Минск гуруҳининг америкалик ҳамраиси Филипп Рикер билан учрашувда Минск гуруҳи доирасида (тан олинмаган – таҳр.) Тоғли Қорабоғ можаросини тартибга солиш бўйича музокараларни қайта бошлаш муҳимлигини таъкидлади. Бу ҳақда Арманистон Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати хабар берди.
“Ҳукумат раҳбари Қўшма Штатларнинг Тоғли Қорабоғ можаросини ҳал этиш жараёнида ЕХҲТ Минск гуруҳи ҳамраиси давлат сифатидаги муҳим ролини таъкидлади. Никол Пашинян Минск гуруҳи ҳамраислигида музокаралар жараёнини қайта бошлаш ва Тоғли Қорабоғ муаммосини ҳар томонлама ҳал қилиш контекстида унинг тажрибасидан фойдаланиш муҳимлигини таъкидлади", дейилади хабарда.
Таъкидланганидек, суҳбатдошлар Тоғли Қорабоғ муаммосига оид масалаларни муҳокама қилган. 44 кунлик уруш натижасида юзага келган гуманитар муаммолар тилга олинган.
“Арманистонлик ҳарбий асирлар ва бошқа ҳибсга олинганларни зудлик билан ватанига қайтариш, Озарбайжон назорати остидаги ҳудудларда арманларнинг маданий ва диний меросини сақлаб қолиш зарурлиги таъкидланди”, дейилади Вазирлар Маҳкамаси хабарида.
Пашинян ва Рикер, шунингдек, Арманистон-Озарбайжон муносабатларини тартибга солиш, минтақавий барқарорлик ва бошқа хавфсизликка оид мавзулар юзасидан фикр алмашган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 сентябрдан 5 сентябрга ўтар кечаси куни ҳам Арманистон томони Озарбайжонга ўқ узган эди. Бу эса икки давлат етакчиларининг Брюсселда ўтказган ўзаро учрашувидан бир неча кун ўтиб содир бўлди. Пашиняннинг маълум қилишича, томонлар ушбу учрашувда ҳеч нарсага келиша олмаган.
Аввалроқ, Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги Филипп Рикернинг Кавказдаги музокаралар бўйича бош маслаҳатчи этиб тайинланишига муносабат билдириб, деярли ишламаётган Минск гуруҳини жонлантиришга уринишлар АҚШнинг Озарбайжон ва Арманистон муносабатларини нормаллаштириш жараёнидан узоқлашишига олиб келиши мумкинлигини айтган эди.
Қорабоғ уруши
Озарбайжон ва Арманистон 2020 йил айнан Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олди. Иккинчи Қорабоғ уруши ёки “Ватан муҳорабаси” номи билан тарихга кирган ҳарбий тўқнашувлар 2020 йилнинг 27 сентябрь куни бошланиб, 44 кун давом этди. 2020 йилнинг 9 ноябридан 10 ноябрга ўтар кечаси “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди.
Ҳарбий салоҳияти бўйича дунёда 11-ўринда турувчи Туркия Қорабоғ урушида фаол тарзда Озарбайжонни ҳам руҳий, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллади. Аслида, Туркия Биринчи Қорабоғ урушидан бери Озарбайжонни қўллаб келади. 2010 йилда икки давлат ҳарбий ҳамкорлик борасида стратегик шерикликка эришгач, ушбу қўллов амалий кўриниш касб эта бошлади. Шундан сўнг, Туркия Озарбайжон Қуролли Кучлари учун зобитлар тайёрлаб, ушбу давлатга қурол экспорт қилиш бўйича Россия ва Исроилдан сўнг учинчи ўринга чиқди. Айниқса, ўтган 2020 йилда қурол экспорти 6 баробарга ортиб кетди. Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувлар олдидан эса бу икки давлат ўзаро ҳарбий дала ўқув машғулотларини ўтказди. Машғулотлар якунида Туркия Озарбайжонда 2 та F-16 қирувчи самолётини ҳам қолдиргани айтилади. Туркияда ишлаб чиқарилган “Bayraktar” учувчисиз ҳарбий аппаратларининг ҳам Озарбайжон ғалабасини таъминлашдаги ўрни юқори бўлди.
44 кунлик уруш якунларига кўра, Озарбайжон армияси мамлакатнинг 5 шаҳри, 4 та посёлка ва 286 та қишлоғини арман босқинчиларидан озод қилди. Озарбайжон Қуролли Кучларининг 2, 9 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси ўз она юртларини озод қилиш учун курашда ҳалок бўлди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь