Париж Украинага Mirage қирувчи самолётларини топширади
Олам
−
28 Январь
2767Франция Ташқи ишлар вазири Жан-Ноэль Барро Франциянинг Mirage-2000-5 қирувчи самолётлари жорий йилнинг биринчи чораги охиригача Украинага топширилишига ваъда берди. Бу ҳақда вазир "Sud" радиосида маълум қилган.
Вазирнинг сўзларига кўра, ушбу самолётлар яқин орада Украина осмонида бўлади.
“Франциянинг Mirage самолётлари яқинда Украина осмонида бўлади. Бу биринчи чорак охирида содир бўлади”, деган вазир.
Қолаверса, Ташқи ишлар вазири Франция Украинага ўз ҳарбийларини жўнатиш ёки жўнатмаслигига изоҳ бермаган.
Шу билан бирга, у Франция, Европа ва Қўшма Штатлар Украинада тинчликка эришилганда кафолатлар беришга тайёр бўлиши кераклигини қўшимча қилган.
Маълумот учун, ўтган йилнинг июнь ойида Франция Президенти Эммануэль Макрон Париж Mirage 2000 қирувчи самолётларини Киевга топширишини айтганди. Шу билан бирга, Макрон француз қуроллари Россияда тинч аҳолини бомбардимон қилиш учун ишлатилмаслигини ҳам айтган.
Октябрь ойида Франция Мудофаа вазири Себастьян Лекорню самолёт 2025 йилнинг биринчи чорагида топширилишини айтди. Вазирнинг маълум қилишича, Киевга етказиб бериладиган самолёт замонавий жиҳозланади.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 27 январь куни Украина Президенти Владимир Зеленский Польшада Франция Президенти Эммануэль Макрон билан учрашув ўтказганди. Зеленский суҳбат давомида Украина томони Европа Иттифоқига аъзо бўлиши бўйича музокараларда Франциянинг қўллаб-қувватлашига умид қилаётганини таъкидлаган.