Париж Нетаньяхуни Ливан сулҳидаги роли учун ХЖСдан ҳимоя қилади – “Le Point”
Олам
−
29 Ноябрь 2024 2438 3 дақиқа
Франция Президенти Эммануэль Макрон Ливандаги ўт очишни тўхтатиш келишувидаги роли эвазига Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхуни ҳибсга олиш ҳақидаги Халқаро жиноий суд ордерини ижро этмасликка рози бўлди. Бу ҳақда Франция етакчисига яқин манбага таяниб, Франциянинг “Le Point” журнали хабар берди.
Нашр маълумотларига кўра, ордер чиқарилганидан кўп ўтмай, Франция Президенти Нетаньяхуга қўнғироқ қилиб, Париж “Халқаро жиноий судни ҳурмат қилишга ва у билан тўлиқ ҳамкорлик қилишга мажбур” эканини таъкидлаган. Шу билан бирга, Макрон ХЖС қоидалари суд ҳибсга олиш ордерларидан дахлсизликни таъминлашини қўшимча қилган.
“Шу муносабат билан томонлар Ливандаги сулҳ атрофидаги вазиятни муҳокама қилди. Улар Париж БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Исроил-Ливан чегарасидаги вазиятни тартибга солувчи 1701-резолюциясининг “бажаришни назорат қилувчи қўмитада муҳим роль ўйнаши” ҳақида келишиб олдилар. Айнан шу телефон суҳбати давомида Франция ва Исроил ўртасидаги "сўнгги келишмовчиликлар" ҳал қилинди”, деди нашр манбаси.
27 ноябрь куни эрталаб Исроил ва Ливан ўртасида 2023 йил октябрь ойида ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан буён биринчи сулҳ бўйича келишув кучга кирди. Томонлар маъқуллаган ҳолда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1701-резолюцияси ижросини назорат қилувчи қўмита тузилади, унинг таркибига АҚШ, Франция ва Буюк Британия киради.
Маълумот учун, 21 ноябрь куни ХЖC Нетаньяху ва Исроилнинг собиқ мудофаа вазири Йоав Галантни камида 2023 йил 8 октябрдан 2024 йил 20 майгача Фаластин ҳудудида ҳарбий ва инсониятга қарши жиноятлар содир этганликда айблаб, ҳибсга олиш учун ордер берганини эълон қилди.
Баъзи давлатлар, хусусан, Венгрия, Австрия, Чехия ва Германия ХЖC қароридан норозилигини билдириб, унга риоя қилмасликлари мумкинлиги ҳақида баёнотлар берди. Франция ҳам Халқаро жиноий суд қарорига қарамай, Нетаньяхуни мамлакат ҳудудида ҳибсга олинмаслигини билдирди. АҚШ ҳам ХЖС қарорини қоралади. Кремль воизи Дмитрий Песков эса ХЖС ҳаракати бирор нарсага ёрдам бериши даргумон эканини айтди.
Ўз навбатида, Буюк Британия, Канада ва Нидерландия агар Биньямин Нетаньяху уларнинг ҳудудига келса, уни Халқаро жиноий суд ордери бўйича ҳибсга олишини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати олий вакили Жосеп Боррель Халқаро жиноий суднинг Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер бериш қарорини қўллаб-қувватламаган давлатларни ҳукмни ҳурмат қилишга чақирган ва Европа Иттифоқига аъзо давлатлар суд қарорини бажаришга мажбур эканини айтганди.
Live
Барчаси