Пандемияда камбағаллик кўпаймади, ҳеч ким қашшоқликка тушмаган – Бош вазир ўринбосари
Жамият
−
30 Декабрь 2020
6785Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров пандемия даврида Ўзбекистонда олиб борилган ижтимоий–иқтисодий сиёсат натижасида камбағаллик кўпаймаганини маълум қилди. Унга кўра, мамлакатда аҳолининг бирорта қатлами қашшоқликка тушмаган.
“Бу соҳа бўйича 2020 йилда қилинган ишлардаги энг катта натижа, деб шуни айтиш мумкинки, пандемия шароитида олиб борилган ижтимоий–иқтисодий сиёсат мамлакатда камбағалликнинг кўпайишига йўл қўймади. Энг асосийси, қашшоқликни келтириб чиқармади. Шунинг учун, қашшоқликка аҳолининг бирорта қатлами тушмади”, дейди Бош вазир ўринбосари.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 29 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси бўлиб ўтди. Мурожаатнома давомида Президент аҳоли орасидаги камбағал қатламни аниқлаш ва уни максимал қисқартириш ҳақида гапирди.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Мурожаатнома давомида Президент Бош вазир ўринбосарларини кескин танқид қилди.
“Энди Бош вазир ўринбосари бўлиб, чиройли бўлиб юрадиган замон ўтди. Бош вазир ўринбосари бўлдингми, халқимиз ишондими, Президент сенга ишондими, аравани тортгин. Тортолмасанг, кет. Кабинетда ўтирадиган замон тугади. Ҳар бир вазирликдаги вазир ўринбосари билан ўрта бўғиндаги одамларни ҳар ойда беш кун ўқитиши керак. Бош вазир ўринбосари ҳар бирини билиши керак. Қишлоқда қайси туман ҳокимининг ўринбосари нима қиляпти, ким билиши керак? Тармоқнинг раҳбари – шу Бош вазир ўринбосари. Лекин, минг афсус, Президент борса, ликиллаб боради кўпи, қўпол бўлса ҳам”, деди Президент.