Президент камбағаллик билан кураш бўйича режаларини маълум қилди
Жамият
−
29 Декабрь 2020
5620Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш учун туманларнинг ихтисослашуви асосида деҳқончилик билан шуғулланадиган оилаларга 10 сотихдан 1 гектаргача ер майдонлари ажратилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга йўллаган мурожаатида айтиб ўтди.
Давлат раҳбарининг таъкидлашича, янги йилда иқтисодий ислоҳотларнинг пировард мақсади, камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини оширишдан иборат бўлади.
Ушбу стратегик мақсадларга, ҳамма учун тенг имконият яратадиган, юқори иқтисодий ўсиш ҳисобига эришилади. Иқтисодий ўсишни таъминлаш учун хусусий инвестицияларни кўпайтириш, тенг рақобат, бизнес муҳитини яхшилаш, давлат корхоналарини ислоҳ қилиш, замонавий технология ва инновацияларни жорий этиш – келгуси йилда ҳам устувор вазифа бўлади.
Чуқур таркибий ислоҳотлар орқали узоқ муддатли барқарор ўсишнинг пойдеворини яратиш ва иқтисодиётни ривожлантириш учун кучли туртки беришдан иборат.
Келгуси йилда инфляциявий таргетлаш доирасида нарх ўсишини 10 фоиздан оширмаслик асосий вазифа бўлади. Асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ошишининг олдини олиш мақсадида, импорт божлари бўйича имтиёзлар муддати келгуси йил якунига қадар узайтирилади.
2021 йилда иқтисодиёт камида 5 фоизга ўсиши, бюджет дефицити ялпи ички маҳсулотга нисбатан 5,4 фоиздан ошмаслиги таъминланади.
“Фуқароларни камбағалликдан чиқаришда “мотивация, кўникма ва молиявий кўмак” тамойили жорий этилади.
Камбағалликдан чиқиб кетиш учун энг муҳим омил – бу инсоннинг интилиши, ўз кучига таянган ҳолда, аниқ мақсад сари ҳаракати бўлиши керак”, дейди Президент.
Шунингдек, маҳаллаларда аҳолини касб-ҳунарга ўқитадиган мингдан зиёд марказлар ташкил этилиб, уларда ўқиган ҳар бир шахс учун 1 миллион сўмгача субсидия берилади, бунга бюджетдан 100 миллиард сўм ажратилади.
Ўқув курсларини тамомлаб, бизнесини бошлаётган фуқароларга ускуналар харид қилиш учун 7 миллион сўмгача субсидиялар ажратиш тизими йўлга қўйилади.
Туманларнинг ихтисослашуви асосида деҳқончилик билан шуғулланадиган оилаларга 10 сотихдан 1 гектаргача ер майдонлари ажратилади.
Келгуси йилдан бошлаб “Ижтимоий реестр” ишга туширилиб, эҳтиёжманд оилаларга 30 дан зиёд ижтимоий хизматларни электрон кўрсатиш имкони яратилади ва бу “темир дафтар” билан ўзаро интеграция қилинади.
Эҳтиёжманд аҳоли бандлигини таъминлашга Бандликка кўмаклашиш ва Жамоат ишлари жамғармаларидан 500 миллиард сўм йўналтирилади.
27 мингта эҳтиёжманд оиланинг ипотека кредити бўйича дастлабки бадалини тўлаш ва кредит фоизларини субсидиялаш учун 2,4 триллион сўм йўналтирилади. Бу кўрсаткич жорий йилга нисбатан 2,5 баробар кўп.
Келгуси йилдан вақтинча ишсизлик нафақаси 3 баробар оширилади ва 6 та ҳужжат талаб этиш бекор қилинади.