Озарбайжоннинг темир мушти арман фашизмининг белини синдириб ташлайди – Алиев
Олам
−
11 Декабрь 2020
6117Агар бундан кейин ҳам арман фашизми қайта бош кўтарса, оқибат бир хил бўлади: Озарбайжоннинг темир мушти яна уларнинг белларини синдириб ташлайди. Бу ҳақда Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев кеча, 10 декабрь куни Ғалаба парадидаги нутқида сўз очди.
Мамлакатни отаси вафотидан кейин 17 йилдан бери бошқариб келаётган Президент Илҳом Алиев Тоғли Қорабоғда эришилган ғалабанинг тарихий аҳамиятга эгалигини таъкидлаб, Озарбайжон йиллар давомида темир мушт ҳосил қилганини айтди.
“Ушбу ғалаба тарихий аҳамиятга эга. Озарбайжон халқи бу кунларни тахминан 30 йил кутган, деярли 30 йил давомида Олий қўмондоннинг буйруғини кутиб яшаган. Озарбайжон халқига мурожаат қилиб, мен яна ҳам кучлироқ бўлишимиз кераклигини таъкидладим. Ҳаёт шуни кўрсатдики, биз барча қадамларни ўз вақтида ташлаб, барча кучларни сафарбар этиб, темир мушт ҳосил қилдик ва у билан душманнинг бошини ёрдик. Уруш пайтида темир муштимиз бирдамлигимизни ҳам, кучимизни ҳам ифодалайди, дедим. Ушбу темир мушт охир-оқибат душманнинг бошини мажағлади”, деди Президент.
Илҳом Алиев сўзида давом этар экан, агар бундан кейин ҳам арман фашизми қайта бош кўтарса, Озарбайжоннинг темир мушти яна уларнинг белларини синдириб ташлашини айтиб, дағдаға қилди.
“Бугун биз ушбу байрамни қаҳрамон халқ сифатида нишонлаймиз. Ғолиб Озарбайжон армияси ўзининг тарихий вазифасини бажарди, Арманистонни мағлуб этди. Арманистон армияси, балки буни рад этиши мумкин, аммо улар бутунлай йўқ қилинди, вайрон қилинди. Агар бундан кейин ҳам арман фашизми қайта бош кўтарса, оқибат бир хил бўлади: Озарбайжоннинг темир мушти яна уларнинг белларини синдириб ташлайди”, дейди Алиев улкан ишонч билан Туркия Президентининг ёнида.
Аввал хабар берилганидек, Озодлик майдонида “Бир миллат, икки давлат” шиори остида ўтган Ғалаба парадида Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва Биринчи хоним Эмине Эрдўған ҳам қатнашди. Маросим ўтказилган ҳудудга ҳам Озарбайжон ва Туркия байроқлари жойлаштирилди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 27 сентябрь куни Арманистон ва Озарбайжон Тоғли Қорабоғда ҳарбий ҳаракатларни бошлаганди. Ҳар икки томон ҳам бир-бирини ташвиқотда айблаб, тўлиқ ёки қисман ҳарбий сафарбарлик эълон қилганди.
Жорий йилнинг 9 ноябрь куни Россия ва Озарбайжон Президентлари Владимир Путин, Илҳом Алиев ҳамда Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатларни тўлиқ тўхтатиш тўғрисида қўшма баёнотни имзоладилар.
Баёнотга кўра, Арманистон ва Озарбайжон эгаллаб турган позицияларида тўхтади, кейин бир қатор туманлар Баку назорати остига ўтиши белгиланди. Сулҳга кўра, томонлар ўзаро асирлар, ярадорлар ва ҳалок бўлганларнинг жасадларини алмашишни аллақачон бошлади.
Шунингдек, 1960 кишидан иборат Россия тинчликпарвар кучлари алоқа линияси ва Қорабоғни Арманистон билан боғлайдиган Лочин йўлаги бўйлаб жойлаштирилди.
Кейинчалик, Россия ҳарбийлари Тоғли Қорабоғда тинчликпарвар кучлар назоратидаги ҳудудларда миналардан тозалаш ишларини давом эттираётгани хабар қилинди.
Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Россия қўшинлари Қорабоғда беш йилдан кўпроқ қолишидан умидворлигини билдирди. Пашинян ТАСС нашрига берган интервьюсида ушбу беш йиллик давр нимага асосланиб белгилангани ва шу вақт ичида нималар қилиш кераклиги ҳақида гапирди.
Пашинянга кўра, Россия тинчликпарвар кучлари минтақада хавфсизлик ва барқарорлик кафолатларини яратиши зарур. Унинг қўшимча қилишича, РТКнинг Тоғли Қорабоғда бўлиш муддати беш йил билан чекланиб қолмайди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь